Чехияда ишидан айрилган россиялик футболчи Самарқандга кўчиб ўтди

Евгений Назаров. «СКА-Хабаровск» ФК фотосурати

Ўтган мавсумда Россия ёшлар терма жамоаси, шунингдек, Чехия олий лигасининг «Богемианс 1905» клуби ҳимоячиси Евгений Назаров келаси мавсумни Ўзбекистон чемпионати иккинчи дивизионида ўйнайдиган Самарқанд «Динамо»си билан шартнома имзолади. Бу ҳақда Transfermarkt хабар берди.

Шартнома муддати 2023 йил охиригача ҳисобланган. Унинг тафсилотлари ошкор этилмаган.

2022 йил январь ойида футболчи Чехиянинг «Богемианс 1905» клуби билан шартнома имзолаган, бироқ Россия ҳукумати Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни (МҲО) бошлаганидан бир неча ой ўтгач, Назаров, шунингдек, яна бир россиялик «Ческе Будеевице» клуби аъзоси Максим Матвеев учун Чехия ҳукумати иш визаларини узайтирмайди. Иккала футболчи мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.

«Ўйиндан олдин улар майдонга тушиш учун Украинани қўллаб-қувватловчи сариқ футболкаларни олиб келишди, лекин мен уни кийишдан бош тортдим. Бу «Славия» билан ўйин эди, у ерда бор-йўғи икки украиналик ўйинчи тўп сурарди. Менга хавфсизлик нуқтаи назаридан ўйиндан четда қолганим маъқул эканини айтишди», — деди Назаров Россияга қайтгач.

Июль ойида Назаров Ереваннинг «Урарту» клуби билан шартнома бўйича келишиб олган ва ҳатто Арманистонга келган ҳам эди, бироқ бир ой ўтиб футболчи яна Москвага қайтади.

Ўйин кўникмаларисиз қолмаслик учун Назаров ўзбекистонлик Олег Дражжук тўп сураётган Россия Медиа-лигасидаги «Амкал» клубида ўйнай бошлайди.

Евгений Назаров — Ростов футболи тарбияланувчиси. Профессионал фаолиятини «Краснодар» тизимида бошлаган. 2019 йили у Чехиянинг «Теплице», кейин эса Хабаровск СКА жамоасига ижарага берилди. 2021 йили у «Краснодар» клубига қайтди. 2022 йил январь ойида у эркин агент сифатида «Богемианс» сафига қўшилади. У Россия ёшлар терма жамоаси сафида иккита ўйин ўтказган. Футболчининг нархи 225 минг еврога баҳоланмоқда.

«Динамо» (Самарқанд) ўтган мавсумда Суперлигани тарк этган ва кейинги мавсумни Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи кучли дивизиони – Про-лигада ўтказади. Назаровнинг клубдаги ҳамкорлари украиналик Евгений Чумак, грузиялик Элгужа Григалашвили ва ганалик Френцис Нархлар бўлади.

Самарқанднинг «Динамо» жамоаси бош мураббийи Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ устози Вадим Абрамов ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Про-лигасида Назаровдан ташқари яна бир россиялик – Тошкентнинг «Локомотив» клубидан Иван Соловьёв тўп суради. Келгуси мавсум учун Суперлига клублари саккиз россияликни жалб қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ