Хитой давлатлар суверенитети бузилиши ва тинч аҳолига зарба беришга йўл қўйилмаслик зарурлигини таъкидлади

ТАСС фотосурати

Хитой барча мамлакатларнинг суверенитетини ҳурмат қилишни ёқлаб, тинч аҳоли ва фуқаролик объектларига зарба беришга йўл қўйилмаслигини таъкидлади. Мамлакат позицияси Россиянинг Украинада «махсус ҳарбий операция» бошлаганининг бир йиллиги муносабати билан 24 февраль куни ТИВ сайтида эълон қилинган ҳужжатда баён этилган.

«Хитойнинг Украина инқирозининг сиёсий ечими бўйича позицияси» деб номланган ҳужжат 12 банддан иборат. Унда қуйидагилар зарурлиги айтилади:

«1. Барча давлатлар суверенитети ҳурмат қилиш. Умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига қатъий риоя этилиши, ҳар қандай давлатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги кафолатланиши керак.

Барча давлатлар катталиги, қудрати ва иқтисодий кўламидан қатъи назар тенгдир.

Халқаро муносабатларнинг асосий нормалари халқаро адолатни ҳимоя қилишнинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Халқаро ҳуқуқ икки томонлама стандартларсиз тенг ва универсал қўлланилиши мумкин.

2. «Совуқ уруш менталитети»дан воз кечиш. Бир давлатнинг хавфсизлигини бошқа давлат хавфсизлиги ҳисобига таъминлаб бўлмайди, минтақавий хавфсизликни эса ҳарбий блокларни кучайтириш у ёқда турсин, кенгайтириш орқали ҳам таъминлаб бўлмайди. Барча мамлакатларнинг қонуний хавфсизлик манфаатлари ва қонуний ташвишлари жиддий қабул қилиниши ва тегишли тарзда ҳал қилиниши керак.

Мураккаб масалалар оддий усуллар билан ҳал этилмайди. Сайёрада узоқ муддатли тинчликни ҳисобга олган ҳолда умумий, кенг қамровли, биргаликда ва барқарор хавфсизлик концепциясига амал қилиш, Европа хавфсизлигининг мувозанатли, самарали, барқарор архитектурасини шакллантиришга кўмаклашиш зарур.

Ўз хавфсизлигини бошқа мамлакатлар хавфсизлигига зарар етказадиган тарзда таъминлашга уринишларга, блоклар билан қарама-қаршилик сиёсатига йўл қўйилмайди, Евроосиё қитъасида тинчлик ва барқарорликни биргаликда сақлаш керак.

3. Ҳарбий можароларни тўхтатиш. Урушларда ғолиблар бўлмайди. Оловга мой қўшиш ва қарама-қаршиликни кучайтириш ўрнига, Украина атрофидаги вазият янада кескинлашмаслиги ва назоратдан чиқиб кетмаслиги учун барча томонлар оқиллик ва вазминлик кўрсатиши керак.

Москва ва Киевнинг тўғридан-тўғри мулоқотини тезроқ тиклаш, вазиятдаги кескинликни босқичма-босқич пасайтириш ва ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш фойдасига ўзаро қадамларини қўллаб-қувватлаш муҳим.

4. Тинчлик музокараларини бошлаш. Мулоқот ва музокаралар Украина инқирозидан чиқишнинг ягона йўлидир. Инқирозни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар маъқуллаш ва қўллаб-қувватлашга лойиқдир. Халқаро ҳамжамият ярашув тарафдори бўлган тўғри йўлдан бориши, сиёсий келишувга йўл очиши, музокараларни қайта бошлаш учун шароит яратиши ва тегишли майдонни таклиф қилиши керак. Хитой томони бунинг учун конструктив рол ўйнашга тайёрдир.

5. Гуманитар инқирозни бартараф этиш. Танг гуманитар вазиятни юмшата оладиган ҳар қандай қадамни олқишлаш ва қўллаб-қувватлаш муҳим. Инсонпарварлик ҳаракатларида инсонпарварлик масаласини сиёсийлаштирмасдан, бетарафлик ва холислик тамойилига риоя қилиш зарур.

Тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш, одамларни можаро ҳудудидан эвакуация қилиш учун гуманитар йўлакларни очиш зарур. Жабрланган ҳудудларга гуманитар ёрдам кўрсатишни кучайтириш, жойларда гуманитар вазиятни яхшилаш, вазият янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун инсонпарварлик ёрдамининг тез, хавфсиз ва тўсиқсиз етиб боришини таъминлаш керак.

Можаро зонасида гуманитар ҳаракатларни амалга оширишда БМТнинг мувофиқлаштирувчи ролини қўллаб-қувватлаш зарур.

6. Тинч аҳоли ва маҳбусларни ҳимоя қилиш. Можаро томонлари халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларига қатъий риоя қилишлари, тинч аҳоли ва фуқаролик объектларига зарбалар бермасликлари керак. Аёллар, болалар ва бошқа можаро қурбонларини ҳимоя қилиш, маҳкумларнинг оддий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш керак.

Хитой томони Россия ва Украина ўртасида асирлар алмашинувини қўллаб-қувватлайди ва барча томонларни бунинг учун қулайроқ шароит яратишга чақиради.

7. Атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлаш. Атом электр станциялари ва бошқа тинч ядровий объектларга қуролли ҳужумга йўл қўйилмайди. Биз халқаро ҳуқуққа, жумладан, Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенцияларга риоя қилишга чақирамиз.

Техноген ядровий фалокатга қатъиян йўл қўйиб бўлмайди.

Биз ядро хавфсизлиги ва тинч ядровий объектларнинг жисмоний хавфсизлигини таъминлашда МАГАТЭнинг конструктив ролини қўллаб-қувватлаймиз.

8. Стратегик хавфни камайтириш. Ядро қуролидан фойдаланишга йўл қўйилмайди, ядро урушини бошлаб бўлмайди. Ядро қуролини қўллаш ёки ишлатиш билан таҳдид қилиш уринишларига қарши туриш керак. Ядро қуролларининг тарқалиши ва ядровий инқирознинг юзага келиши қабул қилиниши мумкин эмас.

Ҳар қандай давлат томонидан ҳар қандай шароитда биологик ва кимёвий қуролларни ишлаб чиқиш ва ишлатиш қатъиян ман этилади.

9. Ғалла экспортини таъминлаш. БМТнинг кафолати билан Россия, Туркия ва Украина томонидан имзоланган Украина донини экспорт қилиш бўйича «Қора денгиз ташаббуси» БМТнинг асосий ролини белгилаб берган ҳолда мувозанатли, тўлиқ ва самарали амалга оширилиши керак. Хитойнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро ҳамкорлик ташаббуси глобал озиқ-овқат инқирозини енгиб ўтишнинг мақбул вариантидир.

10. Бир томонлама санкцияларни бекор қилиш. Бир томонлама санкциялар ва босимнинг кучайиши нафақат тескари, балки янги муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан рухсат этилмаган бир томонлама чекловчи чораларга рухсат бермаймиз.

Айрим давлатлар бир томонлама санкцияларни суиистеъмол қилишни ва бошқа давлатларга нисбатан юрисдикцияни экстратерриториал амалга оширишни тўхтатиши, Украина инқирозининг кескинлигини юмшатишга ижобий таъсир кўрсатиши ва ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиши керак.

11. Ишлаб чиқариш ва таъминот занжирлари барқарорлигини таъминлаш. Мавжуд жаҳон хўжалик тизимини амалий ҳаракатлар билан ҳимоя қилиш, жаҳон иқтисодиётини сиёсийлаштиришга, ундан восита ва қурол сифатида фойдаланишга уринишларга қарши туриш зарур. Жаҳон иқтисодиётининг тикланишига зарар етказилишининг олдини олиш учун инқирознинг салбий оқибатларини биргаликда зарарсизлантириш, хусусан, энергетика, молия, дон савдоси ва логистика соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш зарур.

12. Можародан кейинги тикланишга ёрдам кўрсатиш. Халқаро ҳамжамият можаро ҳудудида тинч йўл билан қайта қуришни қўллаб-қувватлаш учун чора кўриши керак. Хитой томони ёрдам беришга ва ўзининг конструктив ролини ўйнашга тайёр».

ℹ️ Қайд этиш лозим, бир кун аввал Украинада имкон қадар тезроқ «тўлиқ, адолатли ва мустаҳкам» тинчликка эришиш зарурлиги тўғрисидаги резолюция учун овоз бериш чоғида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан бир қаторда Хитой ҳам бетараф қолган 32 давлат қаторида эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ