АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 28 февраль куни Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради

Энтони Блинкен. РБК сайти фотосурати

АҚШ Давлат котиби Энтони Ж. Блинкен 28 февраль куни Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар берди АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати.

Блинкен Остонада Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашади ва республика Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан музокаралар ўтказади, дея қўшимча қилди Қозоғистон ТИВ.

Шу куни АҚШ Давлат котиби Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг Остона шаҳрида C5+1 форматида бўлиб ўтадиган вазирлар учрашувида иштирок этади. Учрашув давомида Блинкен АҚШнинг минтақа давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди, шунингдек, умумий глобал муаммоларни муҳокама қилади.

«C5+1 форматидаги вазирлар йиғилишида АҚШ, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида иқтисодий, энергетика, атроф-муҳит ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилади», — дейилади Давлат департаменти хабарида.

Блинкен алоҳида-алоҳида Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан учрашади, сўнгра Ўзбекистонга ташриф буюради.

«[АҚШ Давлат котибининг] ташрифидан асосий мақсад Ўзбекистон-Америка стратегик шериклигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат», — дея изоҳ берди Ўзбекистон ТИВ.

Ўтган йили АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу Марказий Осиёга икки марта, май ва ноябрь ойларида ташриф буюрган эди. У «АҚШнинг ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш» ва маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш дастурларини тақдим этиш мақсадида минтақанинг барча республикаларига ташриф буюрди.

Шу билан бирга, Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигидан хавотир билдирди.

«Ҳақиқатан ҳам АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни сезиларли даражада кучайтирди. Ҳамкорларимиздан Украинадаги махсус операцияни қоралаш, Россияга қарши ноқонуний санкцияларга қўшилиш ва умуман мамлакатимиз билан ҳамкорликни чеклаш талаб этилади. Бунинг эвазига улар қандайдир вақтинчалик «иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш» ва бошқа «дивидендлар» ни ваъда қилмоқдалар, улар гўёки Москва ва Пекинга «фойдали муқобил» бўлишга қодирдек. Вашингтон бу оҳисталик остида Марказий Осиё давлатларининг минтақада ҳарбий инфратузилмасини жойлаштириш учун розилигини олишга ҳаракат қилмоқда», — деди Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ТАСС агентлигига берган интервьюсида.

Унинг таъкидлашича, «бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёда фаолият юритаётган АҚШ ва Европа Иттифоқи назоратидаги нодавлат ташкилотлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари Россияни Марказий Осиё халқларининг душманига айлантиришга ҳаракат қилмоқда, жамиятда миллатчилик ва русофобия кайфиятини кучайтирмоқда».

Галузиннинг фикрича, «буларнинг барчаси ортида аниқ мақсад турибди – Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларига путур етказиш, постсовет ҳудудидаги интеграция жараёнларини йўқ қилиш».

Таъкидлаш жоиз, ноябрь ойида Ашхободда бўлиб ўтган брифингда Россиянинг Марказий Осиёдаги фаоллиги ҳақидаги саволга жавобан Доналд Лу шундай деб жавоб берганди: «АҚШ Марказий Осиёнинг Россия билан ижобий, конструктив муносабатларга эга бўлишини истайди. Чунки бу минтақа халқлари билан Россия ўртасида узоқ тарих мавжуд».

Лунинг қайд этишича, Марказий Осиё халқлари «Россия ва Украина ўртасидаги ушбу можаро давомида тобора кўпроқ босим остида қолмоқда». «Менимча, Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлари, нафақат АҚШ, балки бутун дунё бўйлаб ҳамкорлари ҳам Марказий Осиё мамлакатлари суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиши ва қўллаб-қувватлаши жуда муҳим», — деб таъкидлаганди Давлат департаменти вакили.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ