Ўзбекистон март ойидан Ҳиндистонга уран етказиб беришни бошлайди

ҲИНД МУТАХАССИСЛАРИ НАВОИЙДАГИ ЗАВОДДА. ЎЗА ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон 2023 йил мартидан Ҳиндистонга табиий уран экспортини бошлайди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Бу ишлар «Навоийуран» давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Ҳозиргача у тўрт давлат – Канада, АҚШ, Жанубий Корея ва Японияга ўз маҳсулотларини экспорт қилган.

Ҳиндистон Атом энергияси департаменти вакилларидан иборат делегация тайёр маҳсулот Ҳиндистонга жўнатилишидан аввал унинг сифатини назорат текшируви ва лаборатория экспертизасидан ўтказиш учун Ўзбекистонга келди. Улар уран ишлаб чиқариш заводи ва тайёр уран маҳсулотларини жўнатиш жойига ташриф буюришди.

Навоий заводи 2019 йил январь ойида Ҳиндистонга уранни узоқ муддатли етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди.

Табиий уран ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг жаҳон рейтингида Ўзбекистон бешинчи ўринни эгаллайди. Бутунжаҳон ядровий ассоциацияси (WNA) ҳисоб-китобларига кўра, 2017 йилдан буён мамлакатда йилига ўртача 3470 тонна уран ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон уранни қайта ишламайди, балки уни бошқа давлатларга экспорт қилади. 2022-2026 йилларда «Навоийуран» Канаданинг Cameco, Япониянинг Itochu ва Marubeni ҳамда Жанубий Кореянинг KHNP компаниялари билан тузилган шартномалар асосида маҳсулот етказиб беради. Таъминот ҳажми ошкор этилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ