Тошкентда икки йил ичида кибержиноятлар сони 40 баробарга ошган

Banki.ru сайти фотосурати

Тошкент шаҳрида 2022 йили ахборот технологиялари соҳасида 4332 та жиноят содир этилган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 40 баравар кўпдир, ўшанда ички ишлар органлари ходимлари томонидан 106 та шундай факт қайд этилган. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари киберхавфсизликка бағишланган брифингда мана шундай маълумотларни келтирдилар.

2021 йил маълумотлари билан солиштирилганда, ўтган йили кибержиноятлар икки баробарга кўпайган – 2281 тадан 4332 тага. Шундан 2747 таси кибер ўғирлик, 625 таси кибер фирибгарлик, 874 таси гиёҳванд моддаларни интернет орқали тарқатиш билан боғлиқ жиноятлар бўлган.

Шаҳар Ички ишлар бошқармаси «замонавий технологияларнинг ривожланиши туфайли» фирибгарлик ва банк карталаридан пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайганини таъкидлади.

Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда ўтган йил август ойида пойтахт ИИБ тизимида ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ташкил этилди. Мутахассислар томонидан қисқа вақт ичида кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича қатор профилактика тадбирлари амалга оширилган.

Бироқ, брифингда бошқарма иш бошлаганидан бери кибержиноятлар динамикаси қандай ўзгарганига аниқлик киритилмади. Маълумки, 2022 йилнинг етти ойида республика бўйича фирибгарлик ва пластик карточкаларни ўғирлаш фактлари бўйича 1812 та жиноят иши очилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходими Саидкамол Содиқов сўнгги йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар сони бир неча баробар ортгани ва бу жиноятларнинг энг катта қисмини ташкил этишини тан олди.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра:

👉 Кибержиноятларнинг 34 фоизи фирибгарларнинг моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби алдовлар билан юборилган сохта ҳавола орқали банк карта махфий кодни қўлга киритиш йўли билан молиявий ёрдам таклифлари доирасида банк картасининг махфий кодини олиши;

👉 22% — жабрланувчидан ҳар қандай келишув бўйича аванс тўлови шаклида пул ундириш;

👉 17% — «сохта банк ходимлари» ёки тўлов тизимлари томонидан ПИН-код ва карта рақамини олиш;

👉 14% — онлайн савдо майдончалари орқали махфий маълумотларни олиш;

👉 9% — молиявий онлайн биржалар орқали фирибгарликдане иборат.

Хайрия ишларига пул жўнатиш ва Умра (Макка зиёрати) харажатларини тўлашни тасдиқловчи кодларни сўраш орқали содир этилган жиноятлар ҳам қайд этилган.

Содиқовнинг айтишича, «Cyber 10 Day» тарғибот тадбири пойтахтда 20 февралда бошланган ва 1 мартгача давом этади. Кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган акция ташкилотчилари тегишли реклама кампаниясини йўлга қўйиб, ёшлар, пенсионерлар, блогерлар ўртасида танловлар ўтказади.

Ўтган йил сентябрида Ўзбекистон ҳукумати банк карталаридан пул ўғирлаганлик учун жазони кучайтириш ниятида эканига борасида хабар берилганди. Хусусан, бунда жарима миқдорини ошириш, шунингдек, бундай жиноят учун озодликдан маҳрум қилишнинг энг юқори муддатини — беш йилдан саккиз йилгача ошириш кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ