Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Сурияга инсонпарварлик ёрдами юборди

ЎзА фотосурати

Ўзбекистон Сурияга 50 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами жўнатди, деб хабар беради ЎзА.

21 февраль куни ҳавога кўтарилган самолёт Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан бирга болалар ва катталар учун кийимлар, маиший техника воситалари, чидамли озиқ-овқат консервалари, қуруқ мевалар, ярим тайёр овқатлар, чақалоқлар бўтқаси, одёл ва ёстиқлар, гигиеник воситалар тўплами сингари ҳаётий зарур восита ва маҳсулотларни Сурияга етказиб беради. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Аввалроқ Қозоғистон ва Тожикистон президентлари Сурияга гуманитар юк жўнатиш ҳақида топшириқ берган эди. Қозоғистондан консерва, иссиқ кийим-кечак, қишки чодирлар, кўрпа-тўшаклардан иборат 50 тонналик ёрдам жўнатилди. Тожикистондан юборган 55 тонна инсонпарварлик ёрдами иссиқ кийим, ҳимоя ниқоблари, антисептиклар, зарур маҳсулотлар – гуруч, ун, шакар, ичимлик суви, макарон, ўсимлик ёғи ва бошқа нарсалардан иборат бўлди.

ℹ️ 6 феврал куни эрталаб Сурия ва Туркияда 7,8 магнитудали кучли зилзилалар юз берди. 18 февраль ҳолатига кўра, Сурияда 5800 дан ортиқ, Туркияда 41 мингга яқин инсон табиий офат қурбонига айланган.

20 феврал оқшомида минтақада яна кучли зилзилалар юз берди: Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар агентлиги маълумотларига кўра, биринчиси 6,4 балл, иккинчиси 5,8 баллни ташкил қилган. 8 киши ҳалок бўлган. Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожанинг маълум қилишича, 294 киши жароҳатланган, 18 киши оғир шикастланган ва касалхонага ётқизилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ