Хитой компаниялари консорциуми Тошкент ва Жиззах вилоятларида қурилажак ФЭС учун 2 миллиард доллар сармоя киритади

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Хитойда 20 февраль куни Ўзбекистонда умумий қуввати 2000 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станциясини (ФЭС) қуриш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга ташрифи доирасида имзоланган.

Huaneng renewables Corporation ва Poly Technologies компаниялари консорциуми Жиззах ва Тошкент вилоятларида қуёш электр станциясини қуради. Ушбу электр станцияларининг биринчи қувватларини жорий йил охиригача ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, 2024 йили улар тўлиқ қувват билан ишлайди. Бунинг натижасида йилига 5 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу эса 1,3 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Худди шундай натижаларни Мирзамаҳмудов бундан беш кун аввал Хитойнинг бошқа бир компанияси билан имзолаган ўзаро англашув меморандуми ҳам ваъда қилади: CEEC ENERGY CHINA Ўзбекистонда умумий қуввати 2000 МВт бўлган учта ФЭСга 2 миллиард доллар сармоя киритмоқчи. Улар Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида қурилади.

Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга бориб мамлакатдаги қуёш электр станцияларининг умумий қувватини камида 5000 МВтга етказишни режалаштирмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, қуёш электр станциялари мамлакатда жами 600 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу эса республиканинг бугунги электр энергиясига бўлган эҳтиёжидан саккиз баробар кўп миқдорни англатади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ