Ўзбекистон Любляна ва Будапештга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўяди

Венгрия ТИВ раҳбари Таня Файон ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ўзбек-словения бизнес-форумида, 8 февраль. ИССВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Словения (Любляна) ва Венгрия (Будапешт) пойтахтлари билан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

9 феврал куни ИССВ раҳбари Лазиз Қудратов ва Словения Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Таня Файон ўртасидаги музокараларда Тошкент ва Любляна ўртасида чартер ва мунтазам рейсларни очиш масаласи кўтарилган эди. Томонлар ушбу йўналишдаги кейинги амалий қадамларни муҳокама қилиш учун авиация идоралари ўртасида онлайн маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олдилар.

Музокаралар арафасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Словения бизнес форумида автомобилсозлик, бутловчи қисмлар, металл буюмлар, гидравлик турбиналар, насослар ишлаб чиқариш, фармацевтика маҳсулотларини қўшма ишлаб чиқаришда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва Словениянинг Mercator Group йирик савдо тармоғининг Ўзбекистон бозорига кириши имкониятлари муҳокама қилинди.

Шу куни Лазиз Қудратов Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сиярто билан учрашув ўтказди. Сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш салоҳияти қайд этилди. Хусусан, Венгриянинг Bonafarm, KITE, Meditop, Gedeon Richter, MOL Group каби етакчи компаниялари билан энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббий асбоб-ускуналар ва пластмасса саноатида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистонда венгрия компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ташкил этиш ва икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни (ҳафтасига тўрттагача рейс) йўлга қўйиш чораларини кўришга келишиб олдилар.

Венгрия тадбиркорлари учун махсус саноат зонасини очиш режалари ўтган йил 3 октябрь куни Будапештда бўлиб ўтган бизнес-форумда эълон қилинган эди. Ўшанда венгрия компанияларига эксклюзив имтиёзлар бериш ва маҳсулотларни кафолатли харид қилиш, шунингдек, истиқболли ғояларни, жумладан, устувор лойиҳаларни молиялаштириш қўшма жамғармаси маблағлари ҳисобидан биргаликда амалга ошириш ҳақида сўз юритилганди.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ