Фармацевтика агентлигининг собиқ директори болалар ўлимига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди

Сардор Кариев. Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори Сардор Кариев ҳиндларнинг Док-1 Макс сиропини ичган болалар ўлимига алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда 10 февраль куни Ўзбекистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълум қилди.

Кариев билан бирга «унинг бир қанча шериклари жиноят содир этгани» учун ҳибсга олинди, деб таъкидлайди Коррупцияга қарши кураш агентлиги.

«Дастлабки тергов давомида сифатсиз дори воситаларини Ўзбекистонга импорт қилиб, истеъмолга чиқарилишига рухсат берган масъуллар доирасини аниқлаб, ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришга қаратилган комплекс тергов-тезкор ҳаракатлари ва тегишли экспертизалар ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.

Фармацевтика агентлиги ва Дори воситаларини экспертиза ва стандартлаштириш давлат марказида ўтказилган аудит натижаларига кўра, Қариев раҳбарлигидаги «Тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаси» бўлимида коррупцияга қарши курашувчилар томонидан кўплаб молиявий хато ва камчиликлар, шунингдек, бюджет маблағларини сарфлаш талаблари қўпол равишда бузилиши ҳолатлари аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тергов бўлими олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонда 19 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, бунга Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Доc-1 Макс препарати сабаб бўлганлиги айтилган эди. Қурбонларнинг барчаси олти ёшгача бўлган болалар бўлган. 7 январь куни юқоридаги сиропни ичган яна бир боланинг ўлими қайд этилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда тарқатилган сироп партиясида этилен гликоль топилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Доc-1 Макс ва Амбронол дори воситаларини лаборатория текширувидан ўтказишда меъёрий ҳужжатлар талаблари қўпол равишда бузилгани, натижада сифатсиз дори воситаларини сотишга йўл қўйилганини аниқлаган.

Болалар ўлими факти бўйича жиноий иш қўзғатилиб, дори воситаларини Ўзбекистонга рўйхатдан ўтказиш, олиб кириш ва сотиш билан шуғулланган бир неча шахслар қўлга олинди. Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган барча дори воситаларини сотиш тўхтатилган, Доc-1 Макс ва Амбронол сиропларини импорт қилувчи Quramax Medikal лицензияси бекор қилинган.

Ҳиндистон ҳукумати Marion Biotech компаниясига нисбатан тергов ишларини бошлади. Текширув давомида дори воситаларини ишлаб чиқариш ва маҳсулот сифати стандартларига мувофиқ доимий назоратни таъминлаш тизимида камчиликлар аниқланган. Компания фаолияти тўхтатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ