The Economist: Марказий Осиёнинг барча давлатларида авторитар бошқарув сақланиб қолинган

Марказий Осиё республикалари байроқлари. kaztag.kz сайти фотосурати

Британиядаги Economist журналнинг таҳлилий бўлими бўлмиш Intelligence Unit 2022 йилги Демократия индексини эълон қилди, унда Марказий Осиёдаги барча республикалар авторитар бошқарув давлатлари рўйхатига киритилган.

Ҳаммаси бўлиб, рейтингга 167 давлат киради. Марказий Осиёдаги энг яхши натижани Қирғизистон қайд этган, у ўтган йил давомида икки поғонага кўтарилиб, 113-ўринни эгаллаб турибди. Қозоғистон ҳам икки поғона юқорилаб, рейтингда 127-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон ва Тожикистон бир поғона кўтарилиб, мос равишда 149 ва 156-ўринларга жойлашган. Туркманистон 161-чи қаторни сақлаб қолган.

Россиянинг позицияси кескин ёмонлашган — у 22 очко йўқотган ва рейтингнинг 146-поғонасига тушиб кетган.

Энг демократик давлатлар учлигига Норвегия, Янги Зеландия ва Исландия киради. Кучли аутсайдерлар учлиги Шимолий Корея, Мьянма ва Афғонистондан иборат.

Умуман олганда, жаҳон демократияси индекси йил давомида 0,01 пунктга кўтарилиб, 10 баллдан 5,29 баллни ташкил этган. Иқтисодчи-таҳлилчиларнинг таъкидлашича, паст ўсиш фуқароларнинг шахсий эркинликларига таъсир кўрсатган коронавирус пандемияси муносабати билан қабул қилинган чекловлар туфайли юзага келган турғунлик билан боғлиқ.

Рейтингни тузишда сайлов жараёни сифати ва плюрализм, ҳукумат фаолияти, сиёсий иштирок, сиёсий маданият ва фуқаролар эркинликлари ҳисобга олинган. Муаллифларга кўра, 2023 йил бошига келиб фақатгина 24 та давлатни тўлақонли демократик давлатлар деб ҳисоблаш мумкин, яна 48 та давлат эса номукаммал демократик давлатлар қаторига киради. Гибрид режимга эга мамлакатлар қаторига 36 та давлат, авторитар режимга эга давлатлар қаторига 59 та давлат киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди