Сурхондарёда Афғонистон фуқаролари учун Европа Иттифоқи Таълим маркази очилди

UNDP.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Термиз шаҳрида «Сурхондарё вилоятининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича салоҳиятини кучайтириш» ташаббуси доирасида Европа Иттифоқи Таълим маркази очилди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт (БМТТД) дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Марказнинг очилиши Европа Иттифоқи, БМТТД ҳамда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самараси бўлди. У 2017 йили Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва малакасини ошириш таълим марказида ташкил этилди.

ЕИ Таълим маркази ҳамкорлик, ўз-ўзини ўқитиш ва профессионал тармоқ яратиш учун мўлжалланган замонавий коворкинг майдонидир.

«Кўплаб синф хоналари афғон талабаларига тадбиркорлик фаолиятида ёрдам беришдан манфаатдор бўлган хусусий сектор вакиллари билан гуруҳ муҳокамалари ва ақлий салоҳият машғулотларини ўтказиш имконини беради. Амалга ошириш бўйича ҳамкор бўлган БМТТД Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилган молиявий ресурслар эвазига марказни энг сўнгги IТ-ускуналар, иш юритиш материаллари ва энг сўнгги дастурий таъминот билан жиҳозлашга муваффақ бўлди», — дейилади БМТ Тараққиёт дастурининг ваколатхонаси хабарида.

25 январь куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан марказнинг очилишида сўзга чиқиб, БМТТД томонидан амалга оширилаётган лойиҳа Ўзбекистонда истиқомат қилаётган Афғонистон фуқароларига янги билим ва кўникмалар беришига умид билдирди, бу эса уларнинг молиявий аҳволини яхшилашга, илаларини боқишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Европа Иттифоқи билан биргаликда афғон қизларига мамлакат университетларида таълим олиш имконини берувчи дастурни қайта йўлга қўяётгани хабар қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ