Қозоғистонда мол-мулкининг қонунийлигини исботлаши керак бўлган бойлар рўйхати тузилади

primeminister.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда мол-мулки тўғрисида махсус декларация тақдим этиши керак бўлган шахслар рўйхатини тузилади. Бу ҳақда Бош вазир Алихон Смоилов раислигида бўлиб ўтган Иқтисодий сиёсат кенгашининг бугунги йиғилишида сўз борди, деб хабар беради primeminister.kz сайти.

Йиғилишда Президент топшириғига кўра қонунга хилоф равишда четга олиб чиқилган активларни давлатга қайтариш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ҳужжат активларни ноқонуний олиб чиқиш шартларини бартараф этиш, шунингдек, уларни ихтиёрий равишда қайтарилишини рағбатлантириш ёки уларни мажбурий қайтаришни назарда тутади. Ушбу қонун лойиҳасига кўра, мамлакатда ўз активлари бўйича қўшимча ҳисобот бериши керак бўлган шахсларнинг чекланган реестри яратилади.

Агар реестрдаги шахс ўзининг (активларининг) келиб чиқишини тасдиқлай олмаса, улар асоссиз равишда сотиб олинган деб топилади ва давлат даромадига ўтказилади.

Қайтарилган активлар Қозоғистон халқи фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳаларга йўналтирилиши режалаштирилган, дея таъкидлайди Бош вазир матбуот хизмати.

Йиғилиш якунлари бўйича Смоилов Адлия вазирлигига билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини ҳар томонлама ўрганишни давом эттириш бўйича топшириқ берди.

Президент Қосим-Жомарт Тўқаев январдаги норозилик намойишлари («Қонли январь») дан сўнг дарҳол ҳукумат ва Бош прокуратурага хорижга ноқонуний олиб чиқиб кетилган капиталларни Қозоғистонга қайтариш масаласини кўриб чиқишни топширганди. Ўтган ёзда, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилган куни президент матбуот хизмати ушбу жараён билан шуғулланувчи махсус комиссия тузилганини маълум қилди. Ноябрь ойида давлат раҳбари ноқонуний олиб чиқиб кетилган активларни мамлакатга қайтариш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолаб, ҳукуматга 2023 йил 31 мартга қадар тегишли қонун лойиҳасини парламентга киритишни топширганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ