Тошкент аэропортида муаммоли вазиятларни ҳал этиш учун МИБ бўлими ташкил этилди

Uzbekistan Airports матбуот хизмати фотосурати

«Тошкент» халқаро аэропортида Мажбурий ижро бюросининг хизмат кўрсатиш бўлими ташкил этилган бўлиб, у Ўзбекистон фуқароларининг чет элга чиқишига тақиқ қўйиш билан боғлиқ муаммоли вазиятларнинг эчими билан шуғулланади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар беради.

«Коммунал тўловлар, кредитлар, жарималар ва бошқа қарзлар ўз вақтида тўланмагани учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиш чекланиши мумкин. Бирор киши бу ҳақда унутиши ва чегарани кесиб ўтиш пайтидагина билиши мумкин. Шунингдек, чеклов инсон омили сабаб нотўғри қўйилган бўлиши мумкин. Ўн уч ёшли ўсмирнинг «алимент қарзи» туфайли мамлакат ташқарисига уча олмагани бунга ёрқин мисолдир. Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Мажбурий ижро бюроси ходимлари аэропортда 24/7 ишлайди», — дея изоҳ берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

МИБ бўлими Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш залидаги маълумот столида жойлашган. Ходим йўловчининг илтимосига биноан қарз бор ёки йўқлигини айтиши мумкин. Шунингдек, қарзни тўлаб ва тўлов ҳужжатини тақдим этилганидан сўнг МИБ ходими тизимни янгилаши ва йўловчидан кетиш учун тақиқни олиб ташлаши мумкин.

Шуни таъкидлаш керакки, МИБ вакили тўловларни тўғридан-тўғри қабул қилмайди. Айни пайтда йўловчилар фақат электрон тўлов тизимлари (Click, PayMe, Apelsin ва бошқалар) орқали қарздорликларни ёпишлари мумкин. Яқин кунларда аукционлар якунлангач, Тошкент аэропортида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрнатилади ва улар орқали йўловчилар нафақат пластик карталар, балки нақд пулда ҳам тўловларни амалга оширишлари мумкин бўлади.

«Ҳақиқатан ҳам алимент тўлаш учун жавобгар шахс бўлган ва ўрнатилган тартибда чет элга чиқиш ҳақидаги чекловни бекор қилмаган йўловчига алимент тўлаш бўйича қарзи бўлмаган тақдирда ҳам чет элга чиқиши тақиқланади», — дейилади Uzbekistan Airports хабарида.

2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда беш базавий ҳисоб миқдоридан (БҲМ) ортиқ қарзи бор фуқароларнинг хорижга чиқиши тақиқланади. Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб 1 БҲМ 300 000 сўм ёки 27 АҚШ долларини ташкил этади. Шундай қилиб, 1,5 миллион сўм қарзи бор ўзбекистонликлар хорижга чиқа олмайдилар. Четга чиқишни чеклашда икки ҳолат истисно бўлиши мумкин: қарздор чет элга даволаниш учун кетаётган бўлганда ёки у делегация таркибига киритилган бўлса.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ