Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ва Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, WOSCU бошқарув аъзоси Баҳром Абдухалимов Истанбулда буюк математик ва астроном Али Қушчи вафотининг 550 йиллигига бағишланган симпозиумда иштирок этди ва маъруза қилди. Бу ҳақда WOSCU матбуот хизмати хабар берди.
«Ўзбек ва турк халқларининг тили, дини, анъаналари, урф-одатлари, тарихи муштарак илдизларга бориб тақалади. Маданий меросимизда ҳам ўхшашликлар кўп. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ташаббуслари туфайли икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, маданий-маърифий алоқаларимиз ҳам жадал ривожланмоқда», — деди Абдухолиқов.
Тадбир Туркия Фанлар академияси, Истанбул техника университети ва Маданият университети кўмагида ташкил этилди. Симпозиумда Туркия Республикаси Саноат ва технологиялар вазири Меҳмет Фотиҳ Каcир, Истанбул вилояти губернатори Довут Гул, Туркия Фанлар академияси президенти Музаффер Шекер, шунингдек, Али Қушчи фаолияти бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган, шу жумладан WOSCU аъзолари бўлмиш олимлар иштирок этишди.
«Франция кутубхонасида сақланаётган «Ал-Сўфийнинг «Ўзгармас юлдузлар китоби» Улуғбек астрономия мактабида қайта кўриб чиқилган ва ёзилган. Яқинда жамиятимиз аъзоси, турк дўстимиз, Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез буюк олим Али Қушчининг ўғли қаламига мансуб туркий тилда ёзилган қўлёзма топилгани ҳақида хабар берди. Буюк олим Али Қушчи ҳаёти ва фаолиятига бағишланган симпозиумни 2025 йили мутафаккир туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида давом эттиришни таклиф қиламиз. Бундан ташқари, биз турк ва ўзбек олимлари форумини ташкил этиш ниятидамиз. Мазкур форум туркий дунё маданий мероси ва буюк алломалар ҳаётини ўрганишга бағишланади», — деди WOSCU бошқарув раиси.
Икки кун давом этадиган симпозиум олтита сессиядан иборат бўлиб, Али Қушчи илмий меросини жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси контекстида янада тарғиб этишга қаратилган.