ШҲТ саммитида Мьянманинг мулоқот бўйича ҳамкор мақомини олиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилади

onedio.com сайти фотосурати

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитида Мьянманинг мулоқот бўйича ҳамкор мақомини олиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилади. Бу ҳақда РФ президентининг ШҲТ ишлари бўйича махсус вакили, Россия ТИВнинг махсус топшириқлар бўйича элчиси Бахтиёр Ҳакимовга таяниб, РИА Новости хабар берди.

«Гап ташкилотга аъзолик ҳақида эмас», — деди Ҳакимов ва Мьянма ўтган йили ариза берганини қўшимча қиларкан.

Аввалроқ «Известия» яна бир қанча давлатлар, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари, Сурия, Қатар ва Саудия Арабистони ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирганини хабар қилганди. Шу билан бирга, БАА дарҳол ташкилот аъзоси мақомини олишни истайди. Бироқ, «Известия» манбаси тушунтирганидек, қабул жараёнида мулоқот бўйича ҳамкор ёки кузатувчи мақоми билан бошлаш амалиёти мавжуд.

Июль ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Самарқанддаги саммитда «Эроннинг аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлари ҳамда Миср, Қатар, Саудия Арабистони билан мулоқот бўйича шериклик, шунингдек, Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиш тартибини бошлаш ва Баҳрайн (ва Малдив ороллари)га мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш» тўғрисида маълумотлар берганди.

ШҲТ 2001 йилда ташкил топган. Ташкилотга 8 давлат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон аъзо. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка.

Давлат Думасининг МДҲ, ватандошлар ишлари ва Евроосиё интеграцияси бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Калашниковнинг сўзларига кўра, Арманистон ва Озарбайжон яқин орада ШҲТга аъзо давлат мақомини олиши мумкин.

Самарқанддаги саммит 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ