Депутат дарахтларни кесишда айбланганларга нисбатан қамоқ жазосини қўллаш кераклигини гапирди

ВИДЕОСЮЖЕТДАН КАДР

Ўзбекистонда дарахтларни кесиш учун жазони кучайтириш, айбдорларни қамоққа олиш керак. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Учтепа тумани Кенгаши депутати, эколог Нуриддин Зайнитдинов Чилонзор кўчасида 59 туп дарахт ноқонуний кесилган жойда Uzreport TVга маълум қилди.

ℹ️ DREAM HOUSE STROY компаниясига тегишли жойдаги дарахтлар вайрон қилинган. «Газета.uz» ушбу компания 2017 йил декабрь ойида 10 миллион сўм (909 АҚШ доллари) устав капитали билан «тўқимачилик ва трикотаж саноати учун машиналарнинг улгуржи савдоси» билан шуғулланиш учун Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтганини аниқлаган. Компания таъсисчиси Козимжон Тўрабоев (100%), раҳбари Светлана Биюнова.

«Агар ушбу ҳолатга қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш йўли билан жавоб берилмаса, экология қўмитасига мустақил ҳуқуқлар берилмаса, ҳокимлик вакиллари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятига аралашишда давом этаверса, ерни ажратиш бўйича бундай буйруқларни имзолашда мутахассислар фикрига қулоқ солишмаса, фақат жарималар солиш билан чекланишса, у ҳолда ҳеч нарса ўзгармайди.

Бундай ҳуқуқбузарликлар учун қамоқ жазосини бериш, мол-мулкини мусодара қилиш, бундай буйруқларни бекор қилиш, бундай қурилиш компаниялари фаолиятини тўхтатиш керак», — деди Нуритдин Зайнутдинов.

Бу ерда бўлган Ўзбекистон парламенти депутати Расул Кушербоев ҳодиса учун Тошкент ҳокимияти масъул эканини, чунки ер участкасининг қурилиш учун ажратилиши ундаги ўсимликларнинг вайрон этилишига йўл қўйиб беришликни англатишини таъкидлади.

«20-25 йилдан кейин Тошкентда 6-7 даража исиш кутилмоқда, унда қандай яшаймиз? Биз янги дарахтлар ўтқазишимиз биланоқ, мавжуд дарахтларни кесиб ташлаяпмиз. Кўзбўямачилик учун баъзи чораларни кўрамиз, вақт ўтиши билан ҳамма нарса унутилади, назорат қилинмайди ва «эски ҳаммом, эски тоз»лигича қолаверади. Ҳокимлик била туриб, ўз фармойиши билан дарахтзор ерларни қурилишга беряпти, биз шундан норозимиз. Мана, табиатимизнинг энг катта душмани ким деган саволга жавоб», — деди Кушербоев.

У бундан атиги бир ой олдин худди шу Чилонзор кўчасида ишчилар йўлни кенгайтириш жараёнида 101 та дарахтнинг илдизига зарар етказганини эслатди. Натижада Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва туман прокурори Иззат Бозоров ўз лавозимларидан маҳрум бўлдилар. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовга «ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлгани учун» танбеҳ берилди.

«Энди вазият анча жиддийроқ: туман прокуратураси олдида, ҳамманинг кўз ўнгида 59 та дарахт йўқ қилинди. Мен буни тушунмаяпман. Эски раҳбариятни олиб ташлашди ва янгисини қўйишди. Амалда нима ўзгарди? Ҳаммаси ёмонлашди холос, — деди депутат.

8 сентябрь куни Чилонзор кўчасида дарахтларнинг кесиб ташлангани факти бўйича ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми («Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш») билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур моддада 150 базавий миқдор ҳисобигача ( ҳозирда 45 миллион сўм, 4090 доллар эквиваленти) жаримага тортишдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Эртаси куни, 9 сентябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Учтепа туманида 42 туп дарахтни кесган GORODA STROY қурилиш ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан ҳам худди шундай иш қўзғатилганини маълум қилди. Етказилган зарар 425,1 миллион сўмни (38 минг доллардан ортиқ) ташкил қилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидагилар компания ўтган йил октябрь ойида дарахтларни кесиш учун рухсатнома сўраб мурожаат қилгани, бироқ рад жавоби берилгани ҳақида хабар берди. Яқинда ўтказилган мониторинг давомида экологлар компания томонидан 42 та дарахтни йўқ қилингани, яна 27 та дарахт кўчириб ўтказилгани, тўртта дарахт қуриб қолганини аниқланганлар. GORODA STROY нима бўлганига изоҳ беришдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий қилинган, 2022 йил январидан эса қоидабузарлик учун жазо кучайтирилган эди. Шунга қарамай, мамлакатда ўсимликларни ноқонуний вайрон қилиш ишлари давом этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ