Фарғона вилоятидаги болалар боғчаси ходимлари жавобгарликка тортилди

Фарғона вилоятидаги болалар боғчаларидан бири. МТВ матбуот хизмати фотосурати

Фарғона вилоятидаги 23-сонли болалар боғчаси маъмурияти ва ходимларига нисбатан эҳтиётсизлик ва ўғирлик моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) матбуот хизмати хабар берди.

Мактабгача таълим муассасаси Ўзбекистон туманида жойлашган. Жорий йилнинг 21 июль куни эрталаб катта опаси боғчага олиб келинган тўрт ёшли Муҳаммад Акбар Абдупаттоев у ердан қочиб, уйига кетади. Бола уйига яқин жойда сирпаниб кетиб, Собиржон дарёсида чўкиб кетган.

Воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш мақсадида МТВ болалар боғчасида комплекс текширув ўтказган ва «ушбу ташкилот ходимларининг касбий фаолиятида қўпол қоидабузарликларни» аниқлаган.

Жумладан, текширувчилар томонидан боланинг боғчадан бир неча марта рухсатсиз қочиб кетгани аниқланган, бироқ тарбиячилар ҳеч қандай хулоса чиқаришмаган ва бу фактни юқори идоралардан яширишган.

«Юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, ташкилот педагоглари ва раҳбарининг эҳтиётсизлиги ҳамда лоқайд муносабати боланинг ўлимига сабаб бўлгани, шунингдек, ушбу мактабгача таълим муассасаси раҳбарининг фаолиятини ташкил этишда бир қатор бошқа ҳуқуқбузарликлар аниқланди ва барча материаллар зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди», — дейилади МТВ хабарида.

Бошқа қонунбузарликлар, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларининг ўғирланишини назарда тутади. Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, ўғирлик 24,3 миллион сўмни (2,2 минг доллардан ортиқ) ташкил этган.

Боғча маъмурияти мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан Ўзбекистон Жиоят кодексининг 116-модданинг 3-қисми «д» банди («Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик оқибатида одамлар ўлимига сабаб бўлиш») ва 167-моддаси 2-қисми («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») билан жиноий иш қўзғатилган.

МТВ чўкиб кетган боланинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва айбдорларни жазолашга ваъда берди. Мактабгача таълим тизими ходимларига ўқувчиларни қаровсиз қолдириш қатъиян тақиқланиши, болаларнинг қариндошларига эса болани тарбиячига топшириш ва ундан қабул қилиб олиш зарурлиги эслатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ