Мирзиёев мустабид тузумни миллат эркини сўндиришга уринганликда айблади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев совет тузумини ўзбек миллатининг эркпарвар руҳини бостириш учун миллат зиёлиларини йўқ қилишга уринганликда айблади.

«Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси ҳиёбонида.

ℹ️ 2001 йилдан буён 31 август «Қатағон қурбонларини ёд этиш куни» сифатида нишонлаб келинмоқда.

Президент тарихнинг совет даври ҳали тўлиқ ўрганилмагани, қатағон қурбонларини аниқлаш, улар хотирасини тиклаш бўйича изланишлар давом эттириш лозимлигини таъкидлади.

«Бутун дунёда бир парча қоғоз бўлсаям, қанча маблағ кетсаям, ўзбек миллатига дахлдор ҳужжатларни топинглар, деб топшириқ бергандим», — деди Мирзиёев.

Президент «қаҳрамон аждодлар хотираси» адолат йўлида тикланаётганини таъкидлади.

«Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Олий суди томонидан 235 нафар ана шундай ватандошимиз оқланди. Жадид боболаримиз номида музейлар, мактаблар ташкил қиляпмиз. Тошкент марказида Абдулла Қодирий мактаби қуриб, ҳайкалини ўрнатдик. Нима учун? Одамлар ўтганда кўриши, «мен кимларнинг авлодиман» деб ўйлаши, асарларини билиши керак. Ёки Чўлпонни тиклаш қандай қийин бўлди? Бугун биз пастга тушинглар, халқнинг ичига боринглар, деяпмиз, халқдан куч олаяпмиз. Чўлпон ҳам шундай деган. Бундай хайрли ишларни тўхтатмаслик керак. Янги китоблар, фильмлар чиқариш зарур», — дедпи Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев жадидларнинг ҳаёти ва асарларини телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларга етказиш, мактаб дарсларида бу мавзуга кенг ўрин бериш зарурлиги таъкидлади. У Ўзбекистон халқаро ислом академиясида маърифатпарвар боболарнинг маънавий меросини ўргатиш бўйича кафедра ташкил этиш ташаббуси илгари сурди.

«Маълумки, мустабид тузум фақат жадидларни йўқ қилиш билан чекланиб қолмаган. Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз турли бўҳтонлар билан қамоққа олинган, хўрланган», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

«Бугун ҳам йўлда ўйланиб келяпман. 30-йилларни эски тарих деса, «пахта иши»-чи?! Етакчиларимизни қатағон қилиш учун сохта айбловлар ўйлаб чиқаришди-ку. Бошқа республикаларда йўқмиди камчилик? Бундай аламли воқеаларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бугунгидай байрамларда, тинч-осойишта кунларда шуларни ҳам юрагимиздан ўтказиб, ёшларимизга етказишимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев дунё нотинч бўлиб бораётгани, бундай вазиятда огоҳ ва вазмин бўлиш кераклиги қайд этди.

«Кўряпсизлар, дунёда рақобат, таҳдидлар кучайиб боряпти. Хавф ёнимизда юрибди. Бунга тайёр бўлиш учун ҳамиша огоҳ бўлиш зарур», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш орқали келажак пойдеворини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

«Агар боболаримиз буюклигидан руҳланиб, ҳар бир соҳа бўйича таълимни мукаммал қилсак, манаман деган давлатдан кам жойимиз йўқ. Болаларимизни зўр ўқитсак, натижа биз кутгандан ҳам яхши бўлади. Мустақиллигимиз барқарор ва абадий бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат этилди. Аллоҳдан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди. Элга ош тортилди.

Кейинроқ Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғидаги Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Кечқурун эса Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этиб, халққа табрик йўллайди.

Байрамлар бутун мамлакат бўйлаб нишонланмоқда. Энергетика вазирлиги байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда электр ва газ таъминоти алоҳида назоратга олингани ва узлуксиз таъминланишини маълум қилди. Вазирлик Ўзбекистондаги электр станциялари ва нефть-газ объектлари меъёрида ишлашини, туну-кун навбатчилик отрядлари аварияларни бартараф этиш учун зарур бўлган барча жиҳоз ва материаллар билан таъминланганини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ