Тошкентдаги Кинематографлар уйида кенглиги 29,5 метр ва баландлиги 14 метр бўлган DCP-экрани тақдимоти бўлиб ўтди. Экран тақдимоти «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали арафасида республика шаҳарларида ўтказиладиган «Ўзбекистон киноси кунлари»нинг очилиш маросимида бўлиб ўтди. Шу билан бирга, тадбир Ўзбекистон Мустақиллиги байрамига бағишланган.
«Биз МДҲ мамлакатларидаги энг катта экранни ўрнатдик. У турли экранлар ишлаб чиқариш соҳасида жаҳон етакчиси бўлган Франциянинг Harkness Screens компанияси томонидан яратилган», — деди Asia Cinema компанияси вакили Сухроб Маҳмудов.
Тадбир меҳмонлари жорий йилнинг энг кутилган ўзбек фильмларидан бири – «Барон-2. Қайтиш»ни томоша қилиш орқали экран имкониятларини юқори баҳоладилар.
«Экранда тасвирни кўриб, сўзсиз қувондим, чунки биз жаҳон киноси билан бир даражага эришдик. Бундай кинотеатр ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир мамлакатда бўлиши керак. Таъкидланишича, Кинематографлар уйида яна бир нечта DCP- экранлари бўлади. Бу жуда катта ютуқ. Юқори чўққини забт этишдир. Энг ажойиб Dolby Atmos овози, аниқ ва ёрқин кучли проекция пайдо бўлди», — дейди режиссёр ва сценарий муаллифи Рашид Маликов.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, Кинематографлар уйида жами бешта экран – бинода тўртта DCP-экран ва битта ёзги LED-экран ўрнатилади. Кинотеатр бир вақтнинг ўзида 1809 кишини сиғдира олади. 31 августдан бошлаб Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган Киночилар уйида байрам олди намойишлари бошланади ва ундан мамлакат аҳолиси ва меҳмонлар бахраманд бўлишлари мумкин.
«Мени чулғаб олган ҳис-туйғуларни ифода этолмайман. Бугун ўзбек кинематографияси ривожига катта эътибор қаратилаётганидан, улкан ўзгаришлар рўй бераётганидан хурсандман. Ўзбекистон Кинематографлар уйи нақадар гўзал кўринишга эга бўлди. Бу фақат бошланиши эканига шубҳам йўқ», — дейди кинорежиссёр Хилол Насимов.
Шунингдек, тадбир доирасида жорий йилнинг 14-21 август кунлари Қорақалпоғистонда «Янги Ўзбекистонда халқ азиз, инсон– азиз» шиори остида ўтказилган «Кинокарвон» лойиҳасининг энг фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мукофотланганлар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, оператор Абдураҳим Исмоилов ҳам бор ва у 80 ёшни қарши олди.
«Кинематографлар уйи қайта чирой очди. Катта кинозал очилди, бизнинг давримизда бундай эмас эди. Бугунги кино ижодкорлари ўз фильмларини, энг муҳим гапларини шундай экранда намойиш этиш имконига эга бўлганидан жуда хурсандман. Ҳозирда Ўзбекистон киноси жонланишни бошдан кечирмоқда ва бу яққол қўзга ташланмоқда», — деди Исмоилов.
Республика Кино агентлиги билан миллий давлат ва тижорат телеканаллари ўртасида Кино кунлари доирасида янги ўзбек фильмларини намойиш этишни бошлаш бўйича шартномалар имзолангани яна бир муҳим воқеа бўлди.
ℹ️ Россияда энг катта экран Москвадаги IMAX Лазер «Киномакс»-Титан кинозалида ўрнатилган. Экраннинг кенглиги 28 метр ва баландлиги 15,6 метр.
«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18-сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади.