Ўзбекистон Президенти: Журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш — мамлакат обрўсига путур етказиш демакдир

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ АРХИВ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ходимларининг фаолиятига тўсиқ қўйиш мамлакат обрўсига путур етказиш демакдир. Бу ҳақда Республика Президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни нишонланган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида айтиб ўтди.

Президент оммавий ахборот воситалари вакиллари – журналист ва муҳаррирлар, режиссёр ва операторлар, блогерлар, теле ва радиоканаллар, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахоналар ходимлари Ўзбекистоннинг демократик қиёфасини шакллантиришга улкан ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

«Биз оммавий ахборот воситалари ходимлари тимсолида ўзининг чуқур билим ва тажрибаси, ноёб истеъдод ва маҳоратини халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, глобал ахборот маконида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишдек олижаноб ишларга бағишлаган жонкуяр ва заҳматкаш инсонларни кўрамиз», — дейилади табрикда.

Мирзиёев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини ошириш Ўзбекистон ҳукумати фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Унга кўра, «матбуот эркинлиги барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар орасида алоҳида аҳамиятга эга». Бироқ сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ОАВ ходимларига нисбатан менсимай муносабатда бўлиш, журналистларнинг ўз ваколатлари доирасида эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

«Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги доимо Бош қомусимиз ва қонунларимиз ҳамда Президент ҳимоясида бўлади.

Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш – бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак. Суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозим», — деди Мирзиёев.

Кейинги йилларда Ўзбекистон «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузилган Жаҳон матбуот эркинлиги индексида ўз рейтингини яхшилади. Бу йил мамлакат 157 ўриндан бирданига 24 поғонага кўтарилиб, 133 ўринни эгаллади. Шу билан бирга, рейтинг муаллифлари Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг аҳволи 2016 йил президент Ислом Каримов вафотидан сўнг «зўрға яхшилангани»ни, ҳокимиятни танқид қилиш эса ҳамон «мураккаб вазифа» бўлиб қолаётганини таъкидлашмоқда. Фақат 15 га яқин онлайн нашрлар юқори сифатли контентни нашр этади, уларнинг баъзилари хорижда жойлашган.

Мухбирлар тадқиқотига кўра, давлат асосан оммавий ахборот воситалари ва ҳукумат билан яқин алоқада бўлган бир қатор блогерларни назорат қилади. Қамоққа олинган журналистлар озод қилинди, аммо реабилитация қилинмади. Маҳаллий блогерлар таҳдидларга дуч келишмоқда ва уларни ҳибсга олиш ҳолатлари ҳам маълум. Масалан, YouTubeдаги Xalq Fikri канали асосчиси Отабек Сатторийнинг туҳмат ва товламачилик иши бўйича 6,5 ​​йилга озодликдан маҳрум этилгани анча шов шувларга сабаб бўлди. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти бундан олдин блогерга қўйилган айбловлар уйдирма эканлигини айтиб, ҳукмни бекор қилишга чақирган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ