Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ўлим жазосини Конституция даражасида тақиқлашни таклиф қилди. Бу ҳақда у Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари бўйича конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Президент Конституцияга «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади» деган норма киритишни таклиф қилди.
«Шу тариқа, биз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қиламиз», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш ва уни умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштириш тўғрисидаги фармон Андижон воқеалари пайтида ишлаб чиқилган ва Президент Ислом Каримов томонидан 2005 йил 1 августда имзоланган ва 2008 йил 1 январдан кучга кирган. Ўлим жазосига ҳукм қилинганларни сақлаш учун янги қамоқхоналар қуриш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш зарурати сабаб кечикиш бўлган.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, тарихий тажриба шуни кўрсатадики, инсон қадр-қиммати, авваламбор, унинг табиий яшаш ҳуқуқида намоён бўлади, буни «давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган».
«Бу – энг улуғ ва муқаддас қадриятларимиздан биридир. Маълумки, биз ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтириб, бу жазони тўлиқ бекор қилдик. Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилмоқда.
Ваҳоланки, демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Ўзбекистонда охирги марта 2005 йил баҳорида истисно тариқасида жазо чораси қўлланилган эди. Ўшанда икки болани ўлдирганликда айбланган Фарғона вилоятида яшовчи 21 ёшли Аҳрорхўжа Толипхўжаев қатл этилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси кечиктиришни сўраган, чунки «Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши» ташкилоти аъзоси Тамара Чикуновага кўра, йигит айбсиз ва қийноқлар остида айбини тан олган.
Президент озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга инсонпарварлик ва муносиб муносабатда бўлиш тамойили ҳам Конституцияда мустаҳкамланиши кераклигини қўшимча қилди.
Мирзиёев, шунингдек, Конституцияда шахс ҳибсга олинганда унинг ҳуқуқлари ва ҳибсга олингани сабабини оддий тилда тушунтириб бериш лозимлиги кўрсатилган «Миранда қоидаси»ни қўллашни ҳам таклиф қилди. Бундан ташқари, президентнинг фикрича, Конституцияга шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошларининг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайдиган нормани киритиши лозим.
Конституциявий ислоҳотлар борасида Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 ноябрь куни инаугурация маросимида айтиб ўтганди. Унинг таъкидлашича, «конституциявий ислоҳотлар кўплаб давлатларда туб ўзгаришлар даврида амалга оширилган».
Кейинроқ Мирзиёев янгиланган Конституцияда акс этиши керак бўлган асосий фикрларни айтиб ўтди. «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилининг конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши, ёшларга оид давлат сиёсатининг акс этиши, болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалалари, экологик муаммолар, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва мавқеини кучайтириш ва бошқалар шулар жумласидандир. Шунингдек, айрим тузатишлар соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли бўлади.
Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. У бир неча бор ўзгартирилган. Хусусан, президентлик муддати етти йилдан беш йилга қисқартирилди, авваллари давлат раҳбари бўлган Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозими бекор қилинди, Бош вазир лавозими таъсис этилди.