17 сентябр дан Ўзбекистонда Миллий гвардияга жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш билан шартнома асосида шуғулланиш имконини берувчи «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонун кучга киради. Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларига шартнома асосида ташилаётган юкларни муҳофаза қилишга рухсат берилади. Қонунни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 15 июн куни имзолаган.
Ўзбекистонда давлат органларининг қўриқлаш бўлинмалари (Миллий гвардия, Президент хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва бир қатор бошқа бўлинмалар), шунингдек, ҳарбийлаштирилган ва қўриқлаш қўшинлари хавфсизлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон ҳудудида хусусий ташкилотлар, шунингдек, хорижий давлатлар фуқаролари ва ташкилотлари қўриқлаш фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади. Қисқа муддатли ташриф билан келган юқори даражадаги меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳоллари бундан мустасно.
Хавфсизлик соҳасидаги фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва Миллий гвардия томонидан амалга оширилади.
Қонунда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, жисмоний куч, махсус воситалар ва хизмат қуролларини қўллаш шартлари белгилаб берилган. Жумладан, ҳомиладорликнинг аниқ белгилари бўлган аёлларга, ногиронлигининг аниқ белгилари бўлган шахсларга ва вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ва хизмат қуролларини қўллаш тақиқланади, қуролли қаршилик кўрсатиш ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатан ҳам таҳдид солувчи ҳужум ҳоллари бундан мустасно.