Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги ярим финалида трибунадаги мухлисларсиз ўйин ўтказади

Ўзбекистон терма жамоаси мухлислари. gazeta.uz сайти фотосурати

Осиё Футбол Конфедерасияси (ОФК) Тартиб-интизом қўмитаси 15 июнь куни бўлиб ўтадиган U-23 Осиё кубоги ярим финали доирасидаги Ўзбекистон – Япония ўйинини ўзбекистонлик мухлисларсиз стадионда ўтказишга қарор қилди. Шу билан бирга, учрашувга Япониядан 500 нафаргача мухлис ташриф буюриши мумкин, деб хабар беради Ўзбекистон футбол ассоциасияси (ЎФА) матбуот хизмати ўз Telegram-каналида.

Бундан ташқари, ОФК Тартиб-интизом қўмитаси ёшлар терма жамоаси дарвозабони Абдувоҳид Неъматовни учта ўйинга дисквалификаcия қилди ва жаримага тортди. ЎФАга ҳам пул жаримаси белгиланди.

11 июнь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги Ўзбекистон – Ироқ чорак финал учрашуви якунлари бўйича ўзбекистонлик мухлислар, Ассоциация ва футболчига нисбатан санкциялар қабул қилинди.

Учрашув аввалида Неъматов ўз жарима майдончаси ичида рақиб футболчисига зарба берди ва бунинг учун у майдондан четлатилди ва Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига пеналти белгиланди. Шундан сўнг трибунадан мухлислар майдонга тошлар ота бошладилар. Оқибатда хорижлик видеооператор ва Uznews.uz фотомухбири жароҳат олди ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тартибни бузган 47 нафар шахс қўлга олинди.

1-19 июнь кунлари Тошкент ва Қарши шаҳарларидаги стадионларда U-23 Осиё кубоги мусобақалари бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа иштирок этади. Жанубий Корея амалдаги чемпион ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ