Россиянинг «Азимут» авиакомпанияси Москвадан Навоийга мунтазам авиқатновни йўлга қўйди

nvgazeta.ru сайти фотосурати

Россиянинг «Азимут» авиакомпанияси Навоийга мунтазам рейс очиш орқали Ўзбекистонга парвозларини бошлади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

«Азимут» самолёти 11 июнь куни соат 02:00 да «Навоий» халқаро аэропортига қўнди. Самолётда 100 га яқин йўловчи бўлган. Самолёт анъанавий сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди.

«Бу «Азимут» авиакомпаниясининг Москва — Навоий — Москва йўналиши бўйича биринчи йўловчи рейси бўлди. Рейслар «Внуково» аэропортидан мунтазам равишда SSJ100 самолётларида ҳафтасига бир марта жума кунлари амалга оширилади», — дейилади Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарида.

«Азимут» – Ростов-Дон ва Краснодарда жойлашган Россия авиакомпаниясидир. 2017 йилда ташкил этилган. Фаолиятининг дастлабки тўрт йилида авиакомпания юздан ортиқ йўналишларни, жумладан, ички ва халқаро йўналишларни очди ва 5 миллиондан ортиқ йўловчини ташиди. Самолёт парки 15 та «Сухой Суперджет 100» самолётидан иборат.

Авиакомпания 28 март куни Ўзбекистонга мунтазам рейсларни амалга оширишга рухсат олган. Айни вақтда «Азимут»нинг Ростов-Дон, Краснодар ва Минералние Водидан Самарқанд ва Урганчга учиши хабар қилинганди. Бироқ, Россиянинг биринчи икки шаҳри аэропортлари Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси бошланган куниёқ ёпилган эди.

Эслатиб ўтамиз, авиакомпания сайтидаги йўналишлар рўйхатида Ўзбекистоннинг биронта ҳам шаҳри кўрсатилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ