Наманганда Чет тиллари институти очилади

Нманган муҳандислик-қурилиш институти. Кузда бу ерда Чет тиллар институти ўз фаолиятини бошлайди. nammqi.uz сайти фотосурати

Наманганда Исҳоқхон Ибрат номидаги давлат чет тиллари институти очилади. Тегишли фармон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 9 июнь куни имзоланди.

Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг бинолари ва ҳудудлари, шунингдек, 1837 йили қатағон қилинган ўзбек тилшуноси, тарихчиси ва педагогига бағишланган «Исҳоқхон Ибрат – Қатағон қурбонлари хотираси» музейи янги олий ўқув юрти тасарруфига ўтказилади.

Институтга 1 000 ўринли янги ўқув биноси ва 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан зарур ер участкаси ажратилади.

Университет Президент таълим муассасалари агентлиги қошидаги «Исҳоқхон Ибрат» ижодий мактабининг таълим ҳамкорига айланади. Шу муносабат билан институтда ижодий мактаб ўқувчилари учун «Таржимонлар клуби» ташкил этилади.

Университет 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади. Бунда чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади, чет тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан ўқишга кириш синовларида касбий (ижодий) имтиҳонсиз максимал балл берилади.

Институт талабаларига икки чет тили бўйича малака берилади.

Мутахассислик фанлари бўйича чет тилида дарс олиб борувчи ва камида C1 даражадаги сертификатга эга бўлган институт профессор-ўқитувчиларига ҳар ойда асосий иш ҳақига 50 фоиз миқдорида қўшимча тўлов тўланади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганиш таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 2019 йили мамлакатда иқтидорли болалар учун Президент мактаблари очилди, уларда таълим инглиз тилида олиб борилади. Ҳукумат ҳузурида Чет тилларини ўрганишга кўмаклашиш агентлиги ташкил этилди. 2021 йили Ўзбекистонда Foreign Languages («Чет тиллари») телеканали ишга тушди. Кузда Фарғона водийсида – Андижонда яна бир Чет тиллари институти очилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ