2021 йилдан бери Ўзбекистонда ер участкаларини ўзбошимча эгаллаб олган 44 438 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Кадастр агентлиги вакиллари маълум қилди.
Умуман олганда, ушбу даврда республика бўйича 24511 та ерни ўзбошимча ўзлаштириб олиш ҳолатлари аниқланган. Асоссиз эгаллаб олинган ерларнинг умумий майдони 5164,7 гектарни ташкил этади.
Ўзбошимчалик билан эгалланган майдонларни қайтариш ҳақида судларга 11 687 та даъво аризаси киритилган. 11 228 та ҳолатда судланувчилар эгаллаб олган томорқаларни ихтиёрий равишда қайтариб берганлар ва улар жарима тўлашдан озод этилган.
Ерга оид қонун бузилиши ҳолатларида жиноят аломатлари кузатилган 1 782 та иш ҳужжати прокуратура органларига юборилган.
Табиий ресурсларга эгалик қилиш Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 60-моддаси билан тартибга солинади. Ўзбошимчалик билан ер майдонини эгаллаш, шу жумладан, ер участкаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича жисмоний шахсларга 25 БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори 1 июндан 1 БҲМ 300 000 сўм ёки 27 АҚШ доллари) ва мансабдор шахсларга 50 БҲМ миқдорида жарима солинади. Ноқонуний эгаллаб олинган ерларда қурилиш ишлари учун жарималар анча юқори: мос равишда 150 ва 300 БҲМ.
Агар ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари учун маъмурий жазо чораси қўлланилган фуқаро яна ўша ҳуқуқбузарликни содир этса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 229-1-моддаси қўлланилиши мумкин. Унда бир нечта жазо турлари назарда тутилган: 300-400 БҲМ жарима, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, эркинликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Суғориладиган ер участкаларини ўзбошимча эгаллаб олиш ва у ерда қурилиш ишлари олиб борилган ҳолатда — 450 дан 600 БҲМ бараваригача жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.