Йил бошидан буён Ўзбекистонга 59 нафар жангари ва экстремист депортация қилинган

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати фотосурати

2022 йилнинг биринчи ярмида турли мамлакатларда қидирувда бўлган жами 59 нафар жангари ҳамда экстремистик ва террорчи ташкилотлар тарафдорлари қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) матбуот хизмати хабар беради.

Депортация қилинганларнинг кўпчилиги террор ташкилотларининг эмиссарлари томонидан ёлланган. Улар террорчилик фаолиятини молиялаштириш, Суриядаги жангарилар лагерларига одамларни ёллаш билан шуғулланган. Баъзилари ўз мамлакатларида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишни режалаштиришган.

Жумладан, 2022 йилда «Ислом давлати» (ИД)* ва «Тавхид ва жиход катибаси» (ТЖК)* халқаро террорчилик ташкилотлари (ушбу ташкилотлар фаолияти Ўзбекистон, РФ, АҚШ ва кўплаб Европа давлатлари ҳудудида тақиқланган) жангариларига алоқадор 4 та яширин гуруҳ, якка тартибда радикаллашиб, экстремистик ташкилот ва оқимлар ғояларини тарғиб қилиб келган 10 та «виртуал» гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

«Мазкур шахслар яшаб турган манзилларида экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг ғояларини тарғиб қилиш, янги рекрутларни (номзодлар) ёллаб жангарилар лагерларига юбориш, терроризмни молиялаштириш ҳамда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга ундаш билан шуғулланиб келганлар», — дейилади ИИББ хабарида.

Қўлга олинган олинганлар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи, 18-27 ёш оралиғидаги, айримлари мактаб ўқувчилари ҳисобланган 10 нафар шахслардан иборат «ТЖК»нинг 2 та яширин гуруҳи аниқланган. Ушбу гуруҳлар фаолияти «КТЖ» нинг Суриядаги масъулларидан бири «Абу Ахмад узбекий» томонидан бошқарилган бўлиб, гуруҳ аъзолари пойтахтдаги маъмурий бинолар, аҳоли гавжум жамоат жойларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирганлар ҳамда террорчилик ташкилотлари фаолиятини молиялаштириб келишган.

Кечиктириб бўлмайдиган тезкор-тергов тадбирлар натижасида гуруҳ аъзоларидан қўлбола портловчи қурилма таркибий қисмлари ва ниқобловчи буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида саккиз нафар уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) аъзолари қўлга олинган. Уларнинг аксарияти террористик ташкилотлар мафкурачилари ва эмиссарларининг мафкуравий таъсирига тушиб, бузғунчи унсурларни молиялаштириш мақсадида талон-тарож, товламачилик, ўғирлик билан шуғулланган. Уюшган жиноий гуруҳнинг айрим аъзолари Суриядаги жангарилар лагерига кетишга ҳозирлик кўраётган бўлган.

«Хусусан, 2021 йилда Тошкент шаҳридаги «Техно олам» («Малика») савдо мажмуасида тизимли равишда мобил телефонлар ўғирлаш, фирибгарлик, талончилик жиноятлари содир этиб, ҳудуддаги қўриқлаш хизмати ходимларига тан жароҳати етказиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди», — дейилади хабарда.

Улардан 6 нафарига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов давомида бошқа жиноятларга даҳлдор 50 дан ортиқ алоқалари аниқланди ва уларга нисбатан профилактик ва маъмурий таъсир чоралари қўлланилди.

«Эътиборлиси шундаки, жиноятчиларни қўлга олиш ва ҳуқуқ-тартибот идораларига келтириш вақтида уларнинг барчаси умумий, деярли ўхшаш ташқи кўринишга эга эканлиги, хусусан, террорчилик ташкилотлари жангариларига тақлид қилган ҳолда бетартиб, узун соқол қўйиб юрганликлари аниқланган», — дейди орган ходимлари.

«Бироқ, Интернетнинг ўзбек сегментидаги айрим блогерлар ўз рейтингини ошириш ва обуначилари сонини кўпайтириш мақсадида «бахсли» репортажлар тайёрлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларининг экстремизм ва терроризмга қарши курашишга қаратилган қонуний ҳаракатларини гўёки, «диндорларга нисбатан ҳужум» сифатила тескари талқин қилмоқдалар», — дейилади ИИББ хабарида.

Бошқарманинг ишонч билдиришича, аниқланган экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг жиноий фаолиятига чек қўйиш билан боғлиқ барча тезкор-қидирув тадбирлари амалдаги жиноят қонунчилигига қатъий риоя қилинган ҳолда прокуратура органлари назорати остида амалга оширилган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ