Ўзгидромет Тошкентни бир кунда қарийб ўн марта «яшиллатиб» юборди

Тошкент. dunyo.news сайти фотосурати

«Ўзгидромет» ташкилот бош директори ўринбосари Ибрат Каримовнинг «Тошкентдаги яшил майдонлар пойтахт майдонининг атиги 3 фоизини ташкил қилади, халқаро меъёрларга кўра, шаҳардаги яшил майдонлар ҳажми камида 12 фоизни ташкил қилиши керак» деган сўзларини рад этди. Техник хато туфайли ноаниқликка йўл қўйилган, аслида шаҳарни кўкаламзорлаштириш кўрсаткичи 26,8 фоизни ташкил этади, деб хабар беради Hydromet.uz Телеграм канали.

Каримовнинг 7 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, Тошкентнинг майдони 35 минг 630 гектарни ташкил этади, шундан яшил майдонларнинг умумий майдони 757 гектарни ташкил этади. Агар рад этилган маълумотларга таянилса, у ҳолда Тошкент шаҳридаги яшил майдонлар 9548 гектарни ташкил этади.

Бундан ташқари, Каримов сўнгги уч йилда пойтахт атмосферасига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг ўртача йиллик миқдори 325,46 минг тоннага ошганини таъкидлайди. Бу маълумотлар Ўзгидромет матбуот хизмати томонидан ҳозирча инкор этилгани йўқ.

«Майда зарралар, чанглар нафақат Тошкент, балки ҳамма учун муаммодир, зеро деярли барча вилоятларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 5, 10 йил ичида қурилиш тугалланади ва ҳар йили дарахт экиш ҳисобига атмосферанинг ифлосланиш даражаси сезиларли даражада камаяди», — дейди Каримов.

Шунингдек, «Ўзгидромет» раҳбарияти томонидан ҳаво ифлосланишининг салбий оқибатларини камайтирадиган қатор чора-тадбирлар белгиланган. Бунга қуйидагилар киради:

👉 йирик ишлаб чиқариш корхоналарида янги энергия тежамкор технологиялар ва муқобил энергия манбалари улушини ошириш,

👉 мамлакатда ишлаб чиқарилаётган автомобиль ёқилғиси ва транспорт воситаларининг экологик самарадорлигини ошириш,

👉 яшил ҳудудлар сонини кўпайтириш,

👉 Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш.

Ўтган йил август ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев яшил майдонлар улуши пойтахт ҳудудининг 26,4 фоизини, яъни ҳар бир аҳолига 36 квадрат метр яшил майдон тўғри келишини маълум қилганди. Шу билан бирга, Ортиқхўжаев шаҳарда қўшимча кўкаламзорлаштириш режаларини маълум қилди.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2027 йилгача бутун Ўзбекистон бўйлаб бир миллиард дарахт экилади. Шу йўл билан расмийлар 2009 йилда бошланган дарахтларнинг оммавий кесилиши натижасида кучайган яшил майдонлар етишмовчилигини қоплашни режалаштирмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил ноябрь ойида дарахтлар кесилишига қарши мораторий жорий қилганди. Шунга қарамай, кўплаб дарахтларни йўқ қилиш ҳолатлари қайд этилган. Қоидабузарлар жиноий жавобгарликка тортилмоқда ва пул жарималари билан жазоланмоқда, аммо бундай чоралар ҳар доим ҳам самара бермаяпти. Биргина 2020 йилнинг тўққиз ойида Экология давлат қўмитаси томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 37 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Табиатга етказилган зарар 15 миллиард сўмдан ортиқни (1,4 миллион доллардан ортиқ) ташкил этди. Фақатгина 22 та ҳолатда қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ