Канада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига қизиқиш билдирмоқда

hub.wtm.com сайти фотосурати

Канада Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларини мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, «Дунё» агентлиги хабар беради.

Канаданинг Британия Колумбияси провинцияси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва балиқчилик вазири Лана Похэм Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан учрашувда Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари билан Британия Колумбиясига мавсумий ишчиларни жўнатиш мавзусида онлайн учрашув ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Канадада ишлаш имконияти мавзуси ўтган йил ёзида Ваҳобов ва Канада Иммиграция, қочқинлар ва фуқаролик вазирлигининг иммиграция масалалари бўйича бош директори Жейсон Холлманнинг учрашувида кўтарилган эди.

Май ойи охирида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Канаданинг Москвадаги элчиси Алисон Мери Леклерни қабул қилди. Шу жумладан, томонлар Тошкентда Канада виза марказини очиш масаласини ўрганишга келишиб олдилар.

«Дунё» нашри маълумотларига кўра, асосан Мексика ва бошқа Лотин Америкаси давлатларидан 12 мингга яқин мавсумий меҳнат муҳожири ҳар йили олти ой муддатга Британия Колумбиясига келиб, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлашади.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, 35 миллионли Ўзбекистон фаол аҳолисининг 20 фоизи, яъни 2,5 миллионга яқини хорижда меҳнат қилади. Россия ўзбек муҳожирлари учун энг машҳур йўналиш саналади. Ўз навбатида, Россияда меҳнат қилаётган чет элликлар сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда туради. Мигрантларнинг Қозоғистон, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ишлашга қизиқиши катта.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ