Ўзбекистон ва Туркия инсон ҳуқуқлари соҳасида тажриба алмашади

Ўзаро англашув меморандуми имзоланиши. Kultura.uz сайти фотосурати

Тошкентда «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: Ўзбекистон ва Туркия тажрибаси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uzdaily хабар беради.

Қайд этилишича, давра суҳбати «икки мамлакат ўртасида инсон ҳуқуқлари таълими соҳасида ўзаро тажриба алмашишга бағишланган».

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ва Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти вакиллари, шунингдек, парламент депутатлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, олий юридик таълим муассасалари ва илмий муассасалар вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Туркия делегацияси аъзоси Ҳарун Мертўғли «Париж тамойиллари доирасида инсон ҳуқуқлари институтлари» мавзусида маъруза қилди. Ўзбекистон томонидан — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев, Бош прокуратура Академияси бошлиғининг ўринбосари Музаффар Мамасиддиқов, Тошкент давлат юридик университети доценти Гавҳар Йўлдошева давра суҳбатида ўз маърузалари билан иштирок этди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Туркиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича расмий ташкилотлари директорлари Акмал Саидов ва Муҳаррем Қилич ўзаро англашув Меморандумини имзоладилар.

Қилич бошчилигидаги Туркия делегацияси 10 июнга қадар Ўзбекистонда бўлади.

Сиёсий ва фуқаролик эркинликлари бўйича дунё мамлакатлари рейтингида – Freedom House: Freedom in the World 2021 – барча, жумладан, қисман тан олинган ва тан олинмаган ҳудудий тузилмалар рўйхатида Ўзбекистон 11 индекс билан 189-ўринни эгаллайди, Туркия эса 32 индекс билан 159-ўринда жойлашган. Шу билан бирга, иккала давлат ҳам «эркин эмас» деб тан олинган.

100 лик индекс билан рейтинг етакчилари Финляндия, Норвегия ва Швеция ҳисобланади. 1-индекс билан рейтинг аутсайдерлари Сурия ва Тибетдир. Туркманистондаги вазият бироз яхшироқ — унинг индекси 2.

2022 йилги Инсон эркинлиги индексида Туркия 5,79 индекс билан 138-ўринни эгаллаган. Ўзбекистон Туркманистон, Афғонистон, КХДР қатори рейтингда йўқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ