Мўғулистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Батсумбер Мунхжин Ўзбекистонга махсус чартер рейсларини ташкил этиш орқали гўшт етказиб бериш ҳажмини оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Мазкур таклиф Мунжихиннинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев билан музокаралари чоғида билдирилди. Мўғулистон томонининг ташаббуси шундан иборатки, бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги товарларни ўзаро етказиб бериш асосан қуруқликдаги транспорт орқали амалга оширилмоқда ва чартер рейслари Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-сотиқнинг янги йўлагига айланади.
Музокаралар якунида бир қатор келишувларга эришилди. Ўзбекистонга гўшт маҳсулотлари етказиб беришдан ташқари, Мўғулистонга экспорт қилинадиган мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш таклиф қилинди. Бундан ташқари, томонлар ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор бўлган корхоналар рўйхатини тузишга қарор қилдилар. Шунингдек, Ўзбекистон боғдорчилик ва иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашиши режалаштирилган.
Чорвачилик Мўғулистон аграр комплексининг энг ривожланган тармоғи ҳисобланади. Мамлакатда 70 миллионга яқин йирик ва майда туёқли жониворлар бор бўлиб, уларнинг ярмига яқини қўйлардир.
Жорий йилнинг июнь ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 турдаги озиқ-овқат, жумладан, гўшт маҳсулотларини божхона тўловларидан озод қилиш бўйича топшириқ берган эди. Қозоғистон ва Беларус Ўзбекистонга гўшт маҳсулотларини етказиб берувчи асосий давлатлар бўлиб қолмоқда.