Америкаликлар ўзбек хоккейчисига қизиқиш бирдирдилар

Салоҳиддин ва Алишер Азимовлар. olympic.uz сайти фотосурати

13 ёшли ўзбекистонлик хоккейчи Салоҳиддин Азимов АҚШга жўнаб кетди ва у ерда Аризона штатининг Феникс шаҳридаги Next Generation Hockey хоккей академиясидаги йиғинда иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия қўмитаси расмий сайти хабар беради.

Академия директори Борис Дереженко ижтимоий тармоқлардаги видеолар орқали ёш хоккейчи Салоҳиддин Азимовнинг ўйинига қизиқиб қолган ва унинг ўйинларини шахсан кузатиш учун АҚШга таклиф қилган.

«Йиғиндан мақсад аввало, ушбу спорт оламидаги энг кучли минтақалардан бирида тажриба алмашиш, у ернинг хоккей мактабини ўрганиш. Уларнинг бизга қилган мурожаатида Салоҳиддиннинг ўйини катта қизиқиш уйғотгани, унинг ҳаракатларини шахсан кўрмоқчи эканликлари айтилган. Агар ўғлимнинг ўйини уларга маъқул келса, шартнома асосида ушбу академияга қабул қилинади», – дейди ёш спортчининг отаси Алишер Азимов.

Ўсмирнинг отаси Алишер Азимов — собиқ хоккейчи, мураббий, Ўзбекистонда хоккейни қайта тиклаган инсонлардан бири, Тошкентнинг «Бинокор» клуби асосчиси.

Салоҳиддин Азимов хоккей билан «Бинокор» клубида шуғуллана бошлаган. Қозоғистоннинг «Армада» (Чимкент) ва Россиянинг «СКА-Юность» (Екатеринбург) клубларида ўйнаган. 2016 йили Павел Буре хоккейчини 10 ёшга тўлгач, Москва ЦСКА мактабига ўтишни таклиф қилади, бироқ Азимов бу таклифдан фойдаланмайди.

Асли тошкентлик Артур Калиев ҳам АҚШда хоккей ўйнайди. У «Лос-Анжелес Кингз» клубини ҳимоя қилади ва Америка ёшлар жамоаси сафида ўйинларда иштирок этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ