Ўзбекистонга ноқонуний тарзда дрон олиб кирган россиялик аёл қўлга олинди

Полина Ермакова. Ижтимоий тармоқдан фотосурат

Красноярск ўлкасида яшовчи Полина Ермакова Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратини олиб киргани учун қўлга олинди. Аёлнинг NGS24.ru тармоқ ресурсига айтишича, у ҳозир уй қамоғида ва суд қарорини кутмоқда.

Россиялик аёлнинг сўзларига кўра, у 15 май куни Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтган. Унинг рюкзакидаги дрон ўзбек чегарачиларида ҳеч қандай савол туғдирмаган.

«Улар менга дрон учун ҳеч қандай декларация бланкаларини тўлдиришга рухсат беришмади, лекин улар дронни аниқ кўришганди. «Кетсам бўладими? Мен сумкани олсам бўладими?», деб сўралим. «Ҳа», деб жавоб беришди. Ҳеч ким менга танбеҳ бермади», — дейди Ермакова.

Бироқ, 17 май куни красноярсклик аёл поездда Бухорога жўнаб кетмоқчи бўлганида, ИИВ ходимлари уни станцияда дрон ётган сумка билан навбатдаги кўрикда қўлга олишган. Дрон мусодара қилинган, ускунани олиб қўйиш тўғрисидаги далолатнома нусхаси Ермаковага берилмаган, унга маҳаллий қонунларга кўра, у уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигини айтишган.

Қиз «Проспект Мира» нашрига айтишича, у ҳали суд қачон бўлишини билмайди.

«Менга бирор нарса дейишларини кутяпман. Бу ерда ҳамма нарса жуда узоққа чўзилган экан, ишлар ёмон ташкил этилган. Мисол учун, ўтган жума куни терговдан олинган иш судга ўтказилиши керак эди. Жума куни қўнғироқ қилдим, материаллар тайёрланмаган, шунинг учун кечагина иш судга етиб келди, деб жавоб беришди. Беш кун ичида улар учрашув санасини белгилашлари керак, аммо улар тушунтирганидек, бу бир ой ичида содир бўлиши мумкин»,дейди Ермакова.

Унинг таъкидлашича, бундай оворагарчилик нафақат ишни топшириш ва кўриб чиқиш билан чекланмайди.

«Илгари шундай бўлганди: тергов, дронни текшириш ва шунга ўхшаш ишлар учун йиғилиш ташкил қилишди, лекин мен қўнғироқ қилсам ёки келсам, улар менга: «Эртага қўнғироқ қилинг», «эртага келинг» ва ҳоказо дейишарди,дейди қиз.

Унинг сўзларига кўра, учувчисиз аппаратни Янги йилга совға қилишган. У тахминан 2 минг доллар туради. Илгари қиз 59 та давлатда бўлган ва уларнинг 40 тасида, жумладан АҚШ, Хитой, Жанубий Америка давлатлари дронни ҳеч бир муаммосиз осмонга учирган .

Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ермакованинг ҳибсга олинганини тасдиқлаган ва бу биринчи бундай ҳолат эмаслиги айтилган.

«Ҳа, биз бу вазиятдан хабардормиз, элчихона қиз билан алоқада. Қолаверса, биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ушбу масалани тезкорлик билан ҳал этиш ва чегарачилар ҳаракатининг номувофиқлигини тушунтириш талаби билан нота юбордик. Ҳеч ким унинг қонунни бузганига эътироз билдирмайди», — деб тушунтиради элчихонадагилар.

Ўзбекистонга дронларни олиб киришни тақиқловчи қонун 2015 йил 1 январдан кучга кирди. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244.4-моддасига кўра, «учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш» уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қонунда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар юзага келган тақдирда — саккиз ёки ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш муддатини ошириш назарда тутилган. Шахс дронни ихтиёрий равишда топширган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Ўзбекистонга оғирлиги 250 граммдан ортиқ бўлган, видео ва фото жиҳозлар билан жиҳозланиши мумкин бўлган дронларни олиб кириш мумкин эмас. Ўзбекистонда дронда суратга олиш учун аввалдан расмий рухсат олиш керак.

«Ушбу ҳафтада биз Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли бўлими билан учрашамиз ва умуман олганда бу вазиятларни қандай ҳал қилишни муҳокама қиламиз. Чунки бундай воқеалар сўнгги пайтларда тез-тез учраб турибди ва бунинг учун қандайдир ягона механизм ишлаб чиқиш зарур», — деди Россия элчихонаси матбуот котиби.

Шундай воқеалардан бири жорий йилнинг 2 февраль куни содир бўлганди. Саёҳатчи Максим Лимар Бухородан Россияга учиб кетаётганда «учувчисиз учиш аппаратини олиб чиқишга урингани учун» Ўзбекистон расмийлари томонидан қўлга олинган. Дрон шахсий буюмлари ичидан топилгач, у аппаратнинг оғирлиги ва ўлчами хусусиятларига аниқлик киритиш бўйича процедура тугагунига қадар парвоздан қолдирилди ва уй қамоғига жойлаштирилди. 7 февраль куни расмийлар саёйёҳга мамлакатни тарк этишга рухсат беришди ва у ўзининг жонажон Новосибирск ўлкасика жўнаб кетди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ