Ўзбекистонда нон нархининг ошиши «бозор механизмининг жорий этилгани» билан изоҳланди

Podrobno.uz сайти фотосурати

Тошкентда 1 июндан бошлаб «буханка» нархи 75 фоизга – 1600 сўмдан 2800 сўмга (0,14 доллардан 0,25 долларга) қимматлашди. Монополияга қарши қўмита (МҚҚ) ижтимоий тармоқлардаги шаҳар аҳолиси билдирган норозилигига муносабат билдирди.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам нон нархини аниқлаган МҚҚ энг юқори нарх Тошкентда, энг пасти эса Қашқадарё вилоятида 1650 сўм бўлганини маълум қилади. Республика бўйича ўртача нарх 2250 сўм. Айни пайтда, март ойида «Газета.Уз» нашри Молия вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, Хоразм вилоятида қолипли нон 2949 сўмдан сотилаётгани, Тошкентда эса 2018 йилдан буён 1600 сўм нарх сақланиб қолинаётгани ҳақида хабар берганди.

«Ун маҳсулоти реализация қилинишининг бозор тамойилларига асосланган механизми жорий қилиниши, биринчи навбатда буғдой етиштирувчи фермер ва деҳқонлардан тортиб, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар манфаатини кўзлаб қилинган қадамдир», — дейилади МҚҚ хабарида.

Қўмита маълумотларига кўра, июнь ойидан буён етарли миқдорда ун маҳсулотлари биржага қўйилган ва бу жараён доимий назоратда. Хусусан, ёзнинг биринчи ойида 170 минг тонна унни 3 тонналик лотда биржага чиқариш режалаштирилган. Мамлакатда 50,5 минг тоннадан ортиқ ун харид қилинган, корхоналарда август ойида ҳам ун етиштириш учун ғалла захиралари мавжуд.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси аҳолини, нон ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларни бундан хавотирланмасликка, сунъий ҳаяжон яратмасликка чақирди.

«Бозорда сунъий танқислик юзага келиши ва нархларнинг кескин ошиб кетиш ҳолатларини кузатганингизда, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ишонч телефонига (71-207-47-00), Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги Call-марказига (1159 қисқа рақам) ёки Қўмитанинг ахборот хизматига (71) 207-47-00 (ички 224) мурожаат қилишингиз мумкин»,— дейилади қўмита хабарида.

Ўзбекистон президенти 11 май куни дон ва ун нархлари эркинлаштирилишини маълум қилганди ва бир неча кун аввал буғдой етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этиш чора-тадбирларини тасдиқлаган эди. Ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган дон нархи ўтган йилги 1,55 миллион сўмдан (138 доллар) 3 миллион сўмга (268 доллар) ошади.

Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида президент уларга 8 июнга қадар бир марталик моддий ёрдам – пул ёки ун кўринишида тўлашни буюрди. Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда тўловлар миқдори 300 минг сўмни (27 доллар), пойтахтда 400 минг сўмни (36 доллар) ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ