Тошкент шаҳрида имконияти чекланган шахсларга хизмат кўрсатадиган «Меҳрибон такси» хизмати иш бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон пойтахти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
««Меҳрибон такси» жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар учун хизмат кўрсатувчи транспорт воситасидир. Анъанавий таксилардан фарқли равишда бу автомобиллар таянч- ҳаракат аъзоларида муаммолари бор инсонларга мўлжалланган ҳамда ҳар бир йўловчидан тушган маблағнинг маълум фоизи ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Хизматда Shevrolet Cobalt ва Lada Largus автомобилларидан фойдаланилади, иккинчи машина ногиронлар учун махсус ишлаб чиқилган ва пандуслар билан жиҳозланган. Корпусларда махсус стикер ўрнатилган бўлиб, бу транспорт воситалари таянч-ҳаракат тизимида муаммолар бўлган одамларни ташиш учун мўлжалланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг хабар беришича, бундай такси Марказий Осиёда биринчи ҳисобланади. Шу билан бирга, Қозоғистонда ҳам худди шундай хизмат 2009 йили пайдо бўлган, 2020 йили Туркманистон ҳукумати бундай хизматни яратишини эълон қилганди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 6000 га яқин жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар истиқомат қилади. Улардан 300 га яқини эса таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бор инсонларни ташкил қилади.