2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда адвокат давлат ҳисобидан тасодифий электрон танлов орқали ишга қабул қилинади. Президентнинг 30 майдаги қарорида шу ҳақда сўз юритилади.
Давлат адвокатини белгилашда инсон омили истисно қилинади. Бу мамлакатда «Юридик ёрдам» ахборот тизими жорий этилганидан сўнг амалга ошади. Бундай ёндашув юридик хизматларни рақамлаштириш имконини беради, адвокатлар зарур маълумотларни тезкорлик билан олиш учун суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органлари билан онлайн маълумотлар алмашиш имкониятига эга бўладилар.
«Юридик ёрдам» доирасида:
👉 Адвокатларнинг электрон реестри ва адвокатнинг шахсий электрон кабинети шакллантирилади;
👉 электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда мижозлар билан онлайн мулоқот қилиш, масофавий юридик ёрдам кўрсатиш бўйича шартнома тузиш мумкин бўлади;
👉 адвокатура, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжат айланиши жорий этилади (қонун билан қўриқланадиган сирни ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно);
👉терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ҳаракатлари ёки суд мажлиси ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида адвокатга электрон хабар бериш имконияти яратилади;
👉 адвокат сўровини электрон шаклда юбориш ва адвокат сўрови асосида юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш амалиёти жорий этилади;
👉 адвокатнинг ўз аризасига кўра адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш электрон тарзда адвокат томонидан хабарнома бериш шаклида амалга оширилади.
👉 Адвокатлар малакасини оширишни онлайн тарзда ташкил этиш ва тегишли ҳужжатларни электрон шаклда бериш тартиби жорий этилади.
Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасига 2022 йил 1 ноябрга қадар адвокатларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш бўйича топшириқлар берилди.
2023 йил 1 январдан бошлаб давлат томонидан адвокатлик лицензиялари «Лицензия» ахборот тизими орқали берилади, талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишнинг амалдаги тартиби сақланиб қолади. Адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш давлат хизматлари портали орқали «бир дарча» тамойилига мувофиқ фақат электрон шаклда амалга оширилади.
1 февралдан бошлаб адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган «Электрон адвокатлик ордери»ни бериш амалиёти йўлга қўйилади.