Фарғона шаҳрида киноактёр Александр Абдулов яшаган уй деворига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди

Ёдгорлик лавҳаси."Ферганы" фотосурати

Атоқли совет актёри, РСФСР халқ артисти Александр Абдулов истиқомат қилган Фарғонадаги уйга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

Тадбир 29 май — Александр Абдуловнинг туғилган куни бўлиб ўтди, актёр бу йил 69 ёшга тўлган бўларди. Актёрнинг болалиги ва ёшлиги ўтган уйга ёдгорлик тахтаси ўрнатилди. Бу уй Ал-Фарғоний (собиқ Карл Маркс) кўчаси, 56-уйда жойлашган. Абдуловлар оиласи иккинчи қаватдаги 12-хонадонда яшаган.

Ёдгорлик лавҳасини ўрнатиш ташаббуси Гулнора Мадгазиева бошчилигидаги «Фарғона водийси» жамоатчилик гуруҳи томонидан илгари сурилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги таклифни қўллаб-қувватлади, маҳаллий тадбиркор Иван Доброскоков ҳам ёрдам кўрсатди.

Шу куни вилоят ўлкашунослик музейида Александр Абдулов ва унинг оиласига бағишланган экспозиция очилди.

Александр Абдулов Тюмень вилоятининг Тобольск шаҳрида туғилган. Александр уч ёшида оиласи Фарғонага кўчиб ўтади, отаси РСФСР ва бошқа бир қанча республикаларда хизмат кўрсатган артист Фарғона драма театрида бош режиссёр бўлиб ишлайди. Худди шу ёшда Абдулов биринчи марта отаси билан «Кремль куранти» спектаклида ўйнаб, театр саҳнасига чиқади.

Александр Фарғонадаги 2-мактабда ўқиган, қиличбозлик билан жиддий шуғулланган. Мактабдан сўнг, отасининг талаби билан у Шчепкин театр мактабига ўқишга киришга ҳаракат қилади, аммо муваффақиятга эриша олмайди. Фарғонага қайтиб, бир йил педагогика институтида ўқийди, отаси билан театрда саҳналашувчи бўлиб ишлайди. Бир йил ўтгач, Абдулов яна Москвага жўнаб кетади, ГИТИСга киради ва болалик шаҳрига фақат 2002 йилда ташриф буюради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ