Миллий қаршилик фронти Панжшерда 20 дан ортиқ толиблар ўлдирилганини даъво қилмоқда

МҚФ жангчилари. Aamaj News сайти фотосурати

Афғонистон Миллий қаршилик фронти (МҚФ) бўлинмалари шимолий Панжшер вилоятида операция ўтказди, унинг давомида «Толибон»* радикал ҳаракатининг 20 дан ортиқ жангариси йўқ қилинди. Бу ҳақда 22 май куни Aamaj Newsга МҚФ ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Али Маисам Назари маълум қилди.

«Қўшинларимиз Ҳасарек (Панжшер вилояти) ҳудудида қарши ҳужумга ўтди ва душман позицияларига ҳужум қилди. Фронт жангчилари толибларга зарар етказишга муваффақ бўлдилар, — деди Назарий.

Унга кўра, Панжшерда тўқнашувлар давом этмоқда.

Агентлик шунингдек, толиблар муваққат ҳукуматининг Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Қобулдан Афғонистон шимолига йўл олгани ҳақида хабар беради. Бундан олдин Панжшер, Бағлон ва Тохар вилоятларига радикалларнинг қўшимча бўлинмалари жойлаштирилган эди. Уларнинг Панжшердаги гуруҳлари сони 5 минг кишига етказилди.

Ўз навбатида, толиблар ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амир Хон Мўттаки Афғонистон шимолидаги вазият кескинлашгани ҳақидаги хабарларни рад этди. «Панжшерда ҳеч қандай қуролли қаршилик йўқ», — деди у.

Мўттакининг сўзларига кўра, Кобулда ҳам сўнгги пайтларда хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисалар кузатилмаган.

19 май куни Анқарада сургундаги 40 нафар афғон сиёсий ва ҳарбий арбоблари иштирокида Миллий қаршилик кўрсатиш олий кенгашининг ташкил этилганига изоҳ бераркан, Мўттаки «мамлакат ташқарисидаги сохта ташкилотлар толиблар раҳбариятини хавотирга солмайди», дея таъкидлади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ