Қозоғистон Россия ва Украина ўртасидаги можарода бетараф ва ҳеч бир томонни қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда Сенат ялпи мажлиси чоғида Мудофаа вазири ўринбосари Султон Камалетдинов маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.
«Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг Қозоғистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз иккала томонни ҳам қўллаб-қувватламаймиз. Бу борада ҳеч қандай савол туғилиши мумкин эмас», — дейди Камалетдинов.
Қозоғистон Қуролли Кучларининг мамлакат хавфсизлигини таъминлашга тайёрлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мулозим шундай деди: «Умид қиламизки, Қуролли Кучлар кечаги йиғилишда вазир ишонтирганидек, ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга тайёр». Шу билан бирга, вазир ўринбосари бу масала барчани ташвишга солаётганини қўшимча қилди.
Бундан олдин Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шахрат Нуришев ҳам худди шундай фикрни билдирган эди. Унинг эслатишича, мамлакат Украина билан ҳам, Россия билан ҳам «яхши муносабатлар»ни сақлаб турибди ва можарода бирор тарафнинг ёнини олмаяпти.
«Яхши биласиз, бундан олдин ҳам давлатларимиз раҳбарлари ўртасида телефон орқали мулоқотлар ва учрашувлар бўлган. Қозоғистонни кимнингдир ёнини олганликда айблашга асос йўқ», — деди у.
«Биз ҳозирда содир бўлаётган воқеаларни имкон қадар тезроқ музокаралар йўли билан ҳал этилиши тарафдоримиз», — дея вазир ўринбосарининг сўзларидан иқтибос келтирган «Интерфакс».
Бундан аввал Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия ва Украинани музокарага чақириб, «яхши жанжалдан кўра ёмон тинчлик яхшироқ», деганди. У Қозоғистоннинг воситачилик хизматларини ҳам таклиф қилди, «агар улар албатта керак бўлса», деди у.