Толиблар Туркманистон ва Эрон чегарасидаги назорат ўтказиш пунктларини босиб олдилар

Ислом-Қалъа НЎП. @Eldruso видеодан скириншот

«Толибон» радикал ҳаракати (РФда тақиқланган) жангарилари Эрон ва Туркманистон чегарасидаги назорат ўтказиш пунктларини қўлга олдилар. Уларнинг иккиси ҳам Ҳирот провинциясида жойлашган, деб хабар беради TOLOnews телеканали маҳаллий божхона хизматига таянган ҳолда.

Хабарда Ислом қалъа аҳоли пункти толиблар назоратига ўтгани айтилади. Эрон билан олиб бориладиган асосий савдо йўли айнан шу ердан ўтган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода толибларнинг эронлик чегарачилар билан суҳбатлашиб тургани кўзга ташланади. Телеканалнинг провинциядаги манбасига кўра, толиблар бостириб келганидан сўнг Ислом қалъа божхона мулозимлари, бу ерда жойлашган хавфсизлик кучлари аскарларининг кўпчилиги Эрон чегарасини кесиб ўтганлар.

Шунингдек, Туркманистон билан савдо олиб бориладиган Торгунди шаҳри ҳам толиблар назоратига ўтган (афғон-туркман чегарасидаги иккинчи «Акина» пости 5 июль куни ёпилганди).

turkmen.news 8 июль кунги хабарида кечаси маҳаллий вақт билан соат 23 да туркманларнинг Серҳетобод шаҳрида (Афғонистон чеграсидан 4 км олисда жойлашган аввалги Кушка шаҳри) отишмалар эшитилган. Ўқ товушлари афғонларнинг Торгунди шаҳри тарафидан келган. 8 июль кундузи маҳаллий аҳоли Серҳетобод орқали қуролланган аскарларга тўла саккизта машина ва мотоциклчилар ўтганини кўришган.

Turkmen.newsнинг бошқа манбасига кўра, Мари вилояти чегара қўшинлари зобитлари оила аъзоларини Афғонистон чеграсидан узоқроқ жойларга кўчиришган.

Сўнгги кунларда толибларнинг ҳужумлари фаоллашган. 21 июнь куни улар афғон-тожик чегарасидаги «Шерхан-Бандар» постини эгаллаб олишди. Июль бошида эса жангарилар Балх провинциясининг Калдар қишлоғини қўлга киритишган. Бу ўлкада Афғонистонни Ўзбекистон билан боғлайдиган «Ҳайратон» чегара пости жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ