Савдо, маданият, хавфсизлик

Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар
«ТОШКЕНТ СИТИ» КОНГРЕСС ХОЛЛИ

Тошкентда 15 июль куни «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлайди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу конференция икки кун давом этади ва унда 40 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлардан юздан зиёд вакиллар иштирок этадилар. Анжуманни 90 дан ортиқ журналист ёритиб боради. Юқори даражадаги мазкур конференцияда “Марказий Осиё — Жанубий Осиё” форматидаги ўзаро манфаатли стратегик алоқа моделини кўп томонлама муҳокама қилиш учун сиёсий ва экспертлар майдони шакллантирилади.

Дастур

Конференциянинг асосий қисми 16 июлга белгиланган. Дастурга кўра, 15 июлда Тошкентга делегациялар келиши ва уларнинг етакчилари иштирокида норасмий кечки овқат уюштирилиши режалаштирилган. 15 июл куни соат 15:00 дан 16:30 гача Тошкентда Марказий Осиё Халқаро Институтининг (IICA) очилиш маросими бўлиб ўтади. Маросимда Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари ва мутахассислар иштирок этадилар.

Марказий Осиё Халқаро институти 2020 йили Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил топган. Институтнинг асосий вазифаларига минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил қилиш ва тадқиқ этиш киради.

16 июл куни “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик” мавзусидаги ялпи мажлис билан конференция ўз ишини бошлайди. Тадбир мобайнида БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг мурожаати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро молия ташкилотлари бошлиқларининг нутқлари режалаштирилган.

Мажлис доирасида Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақалараро ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ўзаро алоқаларнинг муваффақиятли намуналари, икки минтақани ўзаро боғлашга хизмат қиладиган истиқболли инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилади.

Шунингдек, кун тартибидан савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, «яшил» технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан батафсил фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш ўрин олган.

Конференция якунида Ўзбекистон Ташки ишлар вазири Абдулазиз Комилов матбуот учун қичқача баёнот беради. Анжуман Ўзбекистон ҳукумати номидан уюштирилган қабул маросими билан якунланади.

Иштирокчилар

Конференцияда Шавкат Мирзиёевдан ташқари Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири Имрон Хон, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, конференцияда 20 дан ортиқ давлат ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарлари қатнашадилар.

Шунингдек, у Покистон раҳбари расмий ташриф буюришини, Афғонистон етакчиси эса халқаро конференция доирасида иш ташрифи билан иштирок этишини маълум қилди. Шавкат Мирзиёев ҳар икки давлат раҳбари билан алоҳида иккитомонлама музокара ўтказади. Бундан ташқари президент Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари, Хитой, Россия Ташқи ишлар вазирлари ва Европа дипломатлари етакчиси Жозеп Боррел билан учрашуви режалаштирилган.

Хабарларга кўра, 12 июль куни Непал ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Бхарат Рожа Подял ташриф буюрган ва Абдулазиз Комилов билан музокаралар олиб борган. Россия элчихонасининг хабарига кўра, 16 июль куни Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари минтақавий хавфсизлик, ноқонуний наркотиклар айланмаси ва террорчиликка қарши кураш борасида музокаралар олиб борадилар.

Жаҳон харитасида Жанубий Осиё

«Жанубий Осиё» нимани англатади?

БМТ таърифига кўра, Жанубий Осиё — Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Мальдив, Непал, Покистон ва Шри-Ланка давлатларини ўз ичига қамраб олади.

Жанубий Осиё 4.5 млн км² ҳудудга эга (Осиёнинг 10% ва қуруқликнинг 3%), лекин бу ерда Осиёнинг 40 фоиз ва дунёнинг 22 фоиз аҳолиси истиқомат қилади.

Жанубий Осиё Марказий Осиё билан жуғрофий кесишган. Марказий Осиё (ЮНЕСКО таърифига кўра) ўзига Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, шунингдек Мўғулистон, Хитойнинг шимоли-ғарбий ҳудуди, Россиянинг осиё ўлкалари, Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий ҳудуди, Покистон, Эрон ва Афғонистоннинг шимолий қисмларини қамраб олган.

Афғонистондаги тинчлик ва барқарорликка доир муаммолар

Турган гап, конференцияда Афғонистон масаласи ҳам муҳокама қилинади. Бу борада конференцияда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзоданинг иштироки айни муддаодир. У Қатар, Ўзбекистон ва Покистонга тарифи доирасида Тошкентда меҳмон бўлади.

«АҚШ эмиссари ташрифи давомида афғон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати (РФда тақиқланган) ўртасида тинчлик келишуви имзоланиши учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш ниятида», — дейилади АҚШ Давлат департаменти хабарида.

«АҚШнинг тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш сиёсати доирасида эмиссар барча томонлар, жумладан Афғонистонда сиёсий барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдор минтақавий ва ҳалқаро иштирокчилар билан музокаралар олиб боради», — дейилади Давлат департаменти хабарида.

Навбатдаги анжуман — бу борадаги халқаро конференцияларнинг узвий давомидир

ℹ️ Марказий Осиё минтақаси конференцияси илк бор 2017 йили Самарқандда ўтказилган. У «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» деб номланган. Унда президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни «улкан имкониятлар» минтақаси деб атаган.

ℹ️ 2018 йили бўлиб ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясининг ташаббускори ҳам Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Конференция якуни бўйича Тошкент декларацияси имзоланган. Мазкур ҳужжатда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, аҳил қўшнилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Эрон ҳокимияти кескин пасайиб кетган туғилишни кўпайтириш тараддудига тушиб қолган

  • Тошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган