БМТ Оролбўйи минтақасини «экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» деб эълон қилди

Орол денгизининг собиқ Мўйноқ порти аҳолиси вакили ғарб донор ташкилотлари томонидан келтирилган қувурдан ичимлик суви ташимоқда.. Тимур Карпов фотосурати/Фарғона

БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 май кунги мажлисида Оролбўйи минтақасини «экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» деб эълон қилувчи резолюция бир овоздан маъқулланди. Ушбу ташаббус асли Ўзбекистонга тегишли бўлиб, резолюцияга 50 дан ортиқ мамлакат, жумладан Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ҳаммуаллиф бўлди.

Ўтган йили сентябрь ойида БМТ минбаридан чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриб бориши оқибатида ушбу минтақа «экологик талофатлар маркази»га айланиб қолганини таъкидлаганди. Президент ҳамкорликда мазкур муаммони ҳал этиш, жумладан «2 миллион гектар майдонда ўрмон массивлари, янги ландшафтлар барпо этиш» таклифини илгари сурди.

Бир пайтлар сайёрамизда ҳажми жиҳатидан тўртинчи ўринда турган ёпиқ денгиз ҳисобланмиш — Орол бугунга келиб деярли қуриб битган ва кўлга айланиб қолган. Бу ердаги ноёб балиқлар турлари, ёввойи ҳайвонлар, жумладан Турон йўлбарслари, гепардлар, лайлаклар, фламинго, оқ қарқара қушлари қирилиб кетган.

Денгизнинг қуриб битган 5,5 млн гектар сатхида тузли чўл пайдо бўлган ва кучли бўронлар бу ердан заҳарли тузларни минглаб чақиримга тарқатиб, табиатга улкан зарар етказмоқда. Экологик талофат миллионлаб инсонлар ҳаёти ва саломатлилигига зиён етказмоқда, врачлар бўғиз ва қизилўнгач саратони, респиратор, кўз хасталиклари ва бошқа касалликлар кўпайиб бораётганидан бонг урадилар. Энди Орол денгизи аввалги ҳолатига қайтмайди, лекин бу минтақада истиқомат қилаётган одамлар ёрдам ва ҳимояга муҳтождирлар.

Бош Ассамблеянинг бугун қабул қилган резолюциясида Оролбўйи минтақасида экологик, ижтимоий, иқтисодий, демографик вазиятни барқарорлаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланиши таъкидланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ