Қозоғистонда COVID-19 дан ўлаётган одамларнинг сони камлиги бепул тиббий хизмат билан изоҳланмоқда

Алексей Цой . Вaigenews.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда коронавирусдан ўлаётган инсонларнинг камлиги аҳолининг аксари қисми тестдан ўтказилётгани ва одамларга бепул тиббий хизмат кўрсатилаётгани билан изоҳланади. Брифингда республика Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой «Фарғона» мухбири саволига мана шундай жавоб берди.

«Қозоғистонда аҳолининг аксари қисми тестдан ўтказиляпти. Шундай қилиб, беморларнинг кўпи касаллик бошланишидаёқ аниқланмоқда. Иккинчидан— стационар даражасида мамлакатда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бепул ҳисобланади. Кўпгина давлатларда бунинг учун алоҳида суғуртага пули тўлаш ёки алоҳида ҳақ тўланиши лозим. Қозоғистонда барча тиббий кўмак олиши мумкин. Қайд қилинган ўлим ҳолатлари бу объектив статистик маълумотдир», — дейди Алексей Цой.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 2 августда Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 91 593 нафар одамни ташкил этган, ўлганларнинг сони — 793 та бўлган. Таққослаш учун қўшни Қирғизистонда рақамлар қуйидагича: 36 719 та касалланиш ҳолати ва 1409 та ўлим, Ўзбекистонда беморлар сони – 25 040 ва 149 та одам ўлган, Тожикистонда – 7451 та инсон коронавирусга чалинган ва 60 нафар одам ўлган. Коронавирусга чалиниш бўйича дунёда етакчилик қилаётган АҚШда беморлар сони 4 533 888 нафар ва 152 630 одам ушбу вирусдан ўлган.

2 августдан бошлаб Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ва пневмония (зотилжам) касалликлари статистикасини алоҳида қайд этадиган бўлди. Ташкилотга кўра, 1 август куни 1226 та янги беморлар сони аниқланган ва 36 та ўлим ҳолати қайд этилган. Бундан ташқари, коронавирус аломати бўлган 5181 та пневмония ва 30 та ўлим ҳолати аниқланган. Шундай қилиб, коронавирус ва коронавирус аломати бор пневмония касалликларининг умумий сони бир кунда 6407 та бўлган ва бутун пандемия даврида бу миқдор 96 774 нафарга етган. Бироқ, қозоқ статистикаси ва дунё статискаси мамлакат бўйича жами 91 593 та беморни кўрсатади ва бунда 5181 та пневмония ҳолати ҳисобга олинмаган.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги «коронавирус плюс коронавирусга монанд пневмония» статистикасини ЖССТга тақдим этди. «Ўйлайманки, яқин орада сайтларда ЖССТ қайси критерия билан беморларни қайд этган маълумотларини кўрасиз. Бугун кечқурун ёки эртага бу каби рақамлар халқаро ахборот агентликларида пайдо бўлади», — дея вазир жавоб берди «Фарғона»га.

Шундай қилиб, августнинг дастлабки икки кунида мамлакатда 5979 та пневмония беморлари қайд этилган ва улардан 51 киши ўлган. Ковид аломати бор пневмониядан ўлган одамларнинг сони 1 августга қадар умумий статистикада кўрсатилмаган. Авваллари Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирусли пневмонияни «умумий статистика»га қўшмасликка қарор қилган, зеро Алексей Цойга кўра, коронавирус келтириб чиқарган пневмония ҳолатини умумий миқдордан айри кўрсатиш имконсиз бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ