Беларусда қўлга олинган «россиялик ёлланма аскарлар» теракт тайёрлашда айбландилар

Қўлга олинган ёлланма аскарлар . Белоруссия КГБ оператив тасвири

Минск шаҳри останасида қўлга олинган россиялик ҳарбийлар устидан терактга тайёргарлик кўриш айби билан жиноий иш очилган. Tut.byга кўра, Беларусь Хавфсизлик кенгаши давлат котиби Андрей Равков шу ҳақда маълумот берган. Бундан олдин мамлакат оммавий ахборот воситаларида президент сайловлари олдидан республикада бетартибликларни келтириб чиқариш учун «жангарилар» кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Равков билан суҳбатлашган президенликка номзодлар давлат мулозимининг мазкур ҳарбийларни гўёки мамлакатга «инқилоб содир этиш» учун ташриф буюрганини айтганини маълум қиладилар.

Шунингдек, номзодларга Беларусда яна таҳминан 170 нафарга яқин «жангарилар» борлиги айтилган ва уларнинг мавжудлиги оммавий тадбирларга хавф солиши мумкинлиги таъкидланган.

Шу муносабат бидан мамлакат Ички ишлар вазирлигига Россия элчиси чақирилган.

Белоруссия президенти Александр Лукашенко Хавфсизлик кенгаши билан тезкор мажлис ўтказган ва унда россиялик ташрифчиларнинг қўлга олинишини «фавқулодда вазият» дея баҳолаган. Президент Россия ҳукуматини тўғридан-тўғри айблашдан чекиниб, русларнинг бу вазиятга ойдинлик киритиб беришларини кутаётганини айтган. «Агар қўлга олинган ҳарбийлар айбдор бўлсалар, у ҳолда мавжуд вазиятдан яхшиликча чиқиш керак. Агар айбдор бўлмасалар — нур устига нур, биз яқин давлат обрўсига соя солмоқчи эмасмиз» – деган у.

Россияликлар Минскдаги санаторияда қўлга олинган. Расмий матбуот ушбу ташрифчиларнинг «россиялик сайёҳларга хос бўлмаган юриш-туриши ва ҳарбийларча кийиниши диққатни жалб этгани»ни ёзган. Улар спиртли ичимлик ичишмаган, кўнгилочпар масканларга бормаган, ўзларини бошқача тутиб, бировларнинг эътиборига тушишдан чекиниб юрганлар. «Улар кичик гуруҳларга бўлиниб, санатория атрофидаги ҳудудларни ўрганишган». Дастлаб мазкур ҳарбийларга ҳеч қандай айблов билдирилмаганлиги айтилганди.. «Уларда Белоруссияда тақиқланган нарсалар топилмади, шунингдек улар мамлакат қонунчилигини ҳам бузишмаган», – деган «Интерфакс»нинг мамлакатдаги манбаси.

Кейинчалик Белорусда қўлга олинганлар Вагнер норасмий хусусий ҳарбий уюшмаси аъзолари экани, бу уюшма ҳарбийлари Сурия ва Украинадаги жангларда қатнашгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Бу уюшмага қарши америкаликлар санкция эълон қилганлар.

РБКга кўра, Беларусь президенти Александр Лукашенко рақиблари сайлов пайтида оммавий бетартибликларни келтириб чиқариш учун «жамоа ва жангарилар гуруҳлари»ни тузишлари мумкинлигини айтиб ўтганди. «Ўзларининг одамлари бўлмаса, четдан одамларни жалб қилган ҳолда майдан уюштирадилар. Булар — профессионал ҳарбийлар, бандитлар, бундай кимсалар дунё бўйича ҳусусий уюшма сифатида ташкил этилади ва у ёки бу давлатда тўполонлар чиқариш эвазига мўмайгина пул ишлайдилар», – деди у.

Беларусда президентликка сайловлар 9 августга белгиланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Хитой мустамлакачилиги Урумчидаги уйғурларнинг фитратини қандай қилиб ўзгартираётгани ҳақида

  • Эрон ҳокимияти кескин пасайиб кетган туғилишни кўпайтириш тараддудига тушиб қолган

  • Исломнинг муқаддас шаҳарларига зиёратлар нега чеклангани ёки бекор қилинганлари ҳақида

  • АҚШда полиция зулмига қарши бошланган кураш обидаларни вайрон қилиш урушига айланиб кетди. Ғазабланган одамлар Колумб ва Черчиллга кўп нарсаларни «эслатиб» қўйдилар