Қозоғистонлик талаба қизнинг ўлдирилиши иши бўйича Доғистон собиқ бош вазирининг ўғли ҳибсга олинган

Томирис Байсафа ва Муртузали Меджидов . 112 Telegram-канали фотосурати

Россияда 2018 йилда ўлдирилган қозоғистонлик талаба қиз Томирис Байсафа иши бўйича қотилликда гумон билан Доғистон собиқ бош вазирининг ўғли Муртузали Меджидов қўлга олинди, дея хабар беради 112 Telegram-канали.

Меджидов 28 июль куни эрталаб қўлга олинган, тез орада унга қўлланадиган эҳтиёт чораси белгиланади. Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг бош бошқармаси 105-модда бўйича («Одам ўлдириш») жиноят иши қўзғатилди.

Москва Давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) халқаро иқтисодий муносабатлар кафедрасининг тўртинчи курс талабаси Томирис Байсафа 2018 йил апрель ойида олий таълим муассасаси биносининг тўртинчи қават деразасидан танаффус пайтида йиқилиб тушган. Қизнинг кўплаб суяклари синган, кўп қон йўқотган ва ўша йилнинг 3 май куни Склифосовский номидаги Илмий-текшириш институти клиникасида ҳаётдан кўз юмган.

Уни деразадан ўзаро муносабатларига ойдинлик киритаётган пайтда йигити итариб юборган деган фараз бўлган, бироқ тезкор ходимлар бунга далил топа олмадилар. Шундан кейин Тергов қўмитаси «Ўз жонига суиқасд қилишга мажбур қилиш» моддаси бўйича иш қўзғатди. Меджидов очиқда қолди. Қариндошлар терговнинг хулосаларидан норози бўлдилар. Ҳалок бўлган қизнинг онаси шикоят қилишича, иш бўйича гувоҳлар, видеокамерадаги далиллар «йўқолиб кетмоқда».

Энди бўлса Россия Федерацияси Тергов қўмитасидагилар Меджидов қизни калтаклаб, деразадан улоқтириб юборган деб ҳисоблаяпти. Москва шаҳар Басманний туман суди маълумотига кўра, Меджидов тергов изоляторида икки ой ўтиради, дея ёзади «Газета.ru». Меджидовнинг адвокати тергов хулосаларини «ўта кетган тутуриқсизлик» деб атади, «негаки икки йил ичида ҳеч қандай янги маълумотлар пайдо бўлгани йўқ».

2019 йил октябрда талаба қизнинг онаси Жанна Ахметовани Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабул қилганидан сўнг, бу ишга алоҳида мақом берилди. «Шундай бўлишини мен доим билиб келганман. Ҳеч ким ишонмаганди, бармоқларини чаккасига келтириб айлантиришарди, мени жинни бўлиб қолди деб ўйлашганди ҳам. Нималарни ҳис қилапман? Билмаяпман. Даҳшатга тушяпман», — деди у Меджидовнинг ҳибсга олинганини шарҳлай туриб.

Томирис Байсафа Москвага Қозоғистоннинг пойтахтидан келган. Унинг онаси Жанна Ахметова – таниқли стилист, отаси Дархан Қожабергенов эса – тадбиркор, илгари Молия ва қишлоқ хўжалиги вазирликларида ишлаган.

Ҳибсга олинган йигитнинг отаси Мухтар Меджидов – сиёсий арбоб, бизнесмен ва ҳомий, 2013 йил январдан июль ойигача Доғистон Республикаси ҳукумати раиси, 2007 – 2009 йилларда эса Доғистон президентининг маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Хитой мустамлакачилиги Урумчидаги уйғурларнинг фитратини қандай қилиб ўзгартираётгани ҳақида

  • Эрон ҳокимияти кескин пасайиб кетган туғилишни кўпайтириш тараддудига тушиб қолган

  • Исломнинг муқаддас шаҳарларига зиёратлар нега чеклангани ёки бекор қилинганлари ҳақида

  • АҚШда полиция зулмига қарши бошланган кураш обидаларни вайрон қилиш урушига айланиб кетди. Ғазабланган одамлар Колумб ва Черчиллга кўп нарсаларни «эслатиб» қўйдилар