Сардоба тўғонининг ўпирилишига дахлдор тўққизта шахс ҳибсга олинган

Сув тошқини юз берган қишлоқда. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

2020 йил 1 майда Сардоба сув омбори тўғонининг ўпиришига дахлдор тўққизта мутасадди шахс қўлга олинган. Бу ҳақда республика Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар беради.

Фигурантлар ичида — буюртмачи «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК, лойиҳачи «UzGip» МЧЖ, бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК, пудратчи ташкилот «Резаксой сув қурилиш» УК, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлигидаги мансабдор шахсларининг бир гуруҳи Жиноят кодексининг тегишли (167, 205, 207, 209, 258) моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳибсга олинганларнинг исми-шарифи келтирилмаган.

Бош прокуратура Сардоба сув омборининг 2010 йилдан 2017 йилга қадар давр ичида қурилганини эслатиб ўтади. Қурилишга давлат бюджетидан 1,2 трлн сўм ($117,6 млн ҳозирги курс бўйича. Шуни айтиш лозим, 2010 йил 27 июлда долларнинг расмий курси бир долларга 1 605 сўм бўлган, 2017 йили эса – 4 070 сўм, бугунги кунда – 10 210 сўм) сарфланган. Сув омборини «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли махсус дирекция эксплуатация қилган. Гидроиншоот 974 млн кубометр сув сиғимига мўлжалланган.

1 май куни тўғоннинг 33 метрли қисми ўпирилиб тушган. Натижада сув тошқини остида юзга яқин кўп қаватли уйлар қолган, 90 минг одам эвакуация қилинган, 50 нафардан ортиқ одам турли даражада шикастланиб касалхонага жойлаштирилган, олти киши ўлган. Мазкур авария юзасидан лойиҳалаштириш, қурилиш, гидроиншоотни эксплуатация қилиш ва қатор ишлар бўйича ўттизга яқин мутахассислар иштирокида комиссия тузилган.

Қўзғатилган жиноий ишлар доирасида Ҳисоб палатаси сув омборига давлат бюджетидаги пулларнинг асосли сарфланганини ва амалга оширилган ишлар хажмини текширади. Тергов айбдор шахслар жиноятларига оид асосларни текширади, шунингдек келтирилган зарарни қоплаш масалалари билан шуғулланади.

Жиноят ишининг мураккаблиги ва кенг кўламда олиб борилаётганини ҳисобга олган ҳолда Бош прокуратура тергов ишларини яна беш ойга узайтирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ