Мана уч ой бўлибдики, ўн минглаб ўзбекистонликлар Россиядан ватанга қайтиш фурсатларини кутиб, элчихона томонидан ташкил этилган электрон навбатда рўйхатдан ўтишмоқда. Кутишни истамаганлар, рейсдаги ўринларнинг ҳалол ва виждонан тақсимланаётганига ишонмайдиганлар сабрларини йўқотиб, авиачипталарни воситачилар орқали топишмоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, 16 мартдан бошлаб 7 июнгача республикага 63 мингдан зиёд ватандошлар қайтган. Улардан 10 758 киши чартер рейслар билан Россиядан келишган. Россия Федерациясидаги Ўзбекистон элчихонаси ходимларининг айтишича, навбатга деярли 80 минг киши ёзилган, улардан 60 мингдан кўпроғи Москванинг ўзидан.
Номзодларни рейсларга танлаш жараёни ўтадиган элчихонадаги мажлислардан бирига “Фарғона” мухбирини ҳам таклиф қилишди. Волонтёрлар, элчихона ходимлари ҳужжатларни саралаётган, тиббиёт справкаларини текшираётган ва ким учиши тўғрисида қарор қабул қилишаётган экан. Бизни ишонтиришларича, устуворлик “критик аҳволга тушган фуқароларга: имконияти чекланганлар, қариялар, ҳомиладорлар ва оғир касалларга” тегишли экан.
“Фарғона” сайтида “Карантиндаги бўш ўринларга навбат” мақоласи чоп этилганидан кейин таҳририятга мигрантлардан навбат кутиш бефойдалиги, бироқ пул эвазига рейсга илиниб қолиш мумкинлиги ҳақидаги мактублар кела бошлади. “Фарғона” йўловчилар рўйхатига киритилган одамларнинг қандай қилиб ватанига қайтганлари ҳақида суриштириб кўрди.
40 минг тўлаб, учавер
Уч ой олдин Тошкентдан Москвага Шуҳратнинг (исми ўзгартирилган) хотини ва икки фарзанди меҳмонга келдилар. Уларнинг регистрацияси 19 март куни тугаётгани боис Шуҳрат ўз оиласига шу санага авиачипталар сотиб олишни ният қилиб юрган эди. Бироқ 16 март куни чегараларни Ўзбекистон, 18 март куни эса Россия ёпиб қўйди.
Элчихона ватанга учадиганлар учун электрон навбат ташкил этганини эълон қилиши билан Шуҳрат унга ўз оила аъзоларини киритиб қўйди.
— Бизга 1***, 1*** ва 1*** рақамларини бердилар, биз биринчи бир ярим минглик орасида эдик. Уч ҳафта ўтганидан кейин мен учиш санасини билиб олиш учун элчихонага қўнғироқ қилдим. Симнинг нариги томонидагилар бизга тегишли маълумотларни сўрадилар ва тез орада бизни Telegram-гуруҳга киритиб қўйдилар. Гуруҳда 114 киши эканмиз, аммо унда ҳеч нарса содир бўлмади – биз у ерга ёза олмас эдик, барча маълумотлар бир томонлама тартибда берилар эди, — дея ҳикоя қилади Шуҳрат.
Шуҳратнинг айтишича, инқироз бошланган пайтда у ўз ишини йўқотмаган, шунинг учун ҳам карантин пайтида унинг оиласи ҳеч нарсага муҳтож бўлмай яшаб келгани боис улар ўз навбатининг етиб келишини хотиржамлик билан кутишган.
— Июнь ойининг бошларида квартирадаги қўшниларимиз – олтмиш ёшли эркак ва унинг набираси (таҳририятда уларга тегишли маълумотлар бор) Ўзбекистонга учиб кетишганида сабр-тоқатим тоқ бўлиб кетди. Улар ҳам навбатда туришганди, бироқ навбатга қарамай учиб кетишди – аэропортга боришдида, бевосита ўша ернинг ўзида ҳар бирини 35 минг рублдан иккита авиачипта сотиб олишди. Ана ўшанда навбат кутишдан маъно йўқлигини англаб етдим.
Навбатдаги чартер Ўзбекистонга учиб кетганида, Шуҳрат хотини ва болаларини олиб, аэропортга жўнади.
— Етиб келишим биланоқ олдимга келиб [ҳар бирини] 40 минг рублдан билет сотиб олишни таклиф этишди. Аммо мен уларнинг таклифини рад этдим. Яна шунга эътибор бердимки, ўнлаб бақувват сумка кўтарган йигитлар регистрациядан ўтаётган эканлар – аммо булар ҳомиладор ёки ногирон эмасдилар. Аэропортдан чиқиб, оилам билан элчихонага бордим, ходимлари билан кўришиб, ўзим ҳақимда сўзлаб бердим. Улар менга ҳозирча кейинги чартер қачон бўлишини билмасликларини (ҳолбуки, ўша фурсатда рейслар жадвали маълум бўлган эди. – “Фарғона” изоҳи), аммо мени янги “Критик фуқаролар учун” Telegram-гуруҳига киритиб қўйишлари мумкинлигини айтишди. Уларнинг айтишларича, мен олдин аъзо бўлган гуруҳ долзарб бўлмай қолган экан. Яъни, агар мен элчихонага келмаганимда, бу ҳақда билмай қолаверар эканман.
Шуҳрат навбатдаги Telegram-гуруҳига ҳеч нарса юбориб ўтирмади, аммо Fаcebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳга пост ёзиб, унда элчихона ходимларидан у билан боғланишларини сўради.
— Ўша куниёқ менга элчихонадан қўнғироқ қилдилар ва хотиним тўғрисидаги маълумотни ўқиб бериб, унинг кетган ё кетмаганлигини сўрадилар. Мен агар у кетганида, сизларни безовта қилмаган бўлардим, деб айтдим. Шу ерда улар менга хотиним 27 март куни кетиши керак эди, деб айтишди. Элчихонадагилар менинг оилам Ўзбекистонга қайтмоқчими деб сўрадилар, мен ҳа албатта деб жавоб бердим. Авиачипталарнинг нархи 22 500 рублдан, мени рўйхатга киритишларини ва эртага Uzbekistan Airlines офисига бориб чипталарни сотиб олишим мумкинлигини айтдилар.
Шуҳрат учта авиачипта учун 54 800 рубль тўлади (биттаси катталар учун – 22 500 ва иккита болалар учун – 16 150 рублдан), унга касса паттасини бермадилар. Икки кун ўтиб Шуҳратнинг оиласи ватанига қайтиб кетди.
Элчихона ходимлари бизга Uzbekistan Airlines компаниясининг ўзи чартерларга авиачипталарнинг энг кам қийматини белгилаб беришини, бироқ нархлар евро курсига қараб ўзгариб туришини айтдилар. Элчихона ходимларига кўра, май ойининг охирида чипталар 14 300 рублдан сотилган, Шуҳратнинг оиласи июнь ойининг бошида учиб кетган, аммо шу бир неча кун ичида евронинг курси бунчалик сакрамаганди.
— Чипталарни навбатдан ташқари сотиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги гаплар чиққанига анча бўлган. Айтишларича, Uzbekistan Airlines қанчадир миқдордаги чипталарни элчихона учун ажратиб беради ва қолганини ижтимоий тармоқлар орқали сотар экан. Навбатдаги одамлар ҳақида сўз юритиладиган бўлса, афтидан унга фақат ўз ҳуқуқи учун курашган одамларни киритишаётганга ўхшаяпти, — дея қайд этиб ўтди Шуҳрат.
Шуҳрат шунингдек, аэропортга хотини билан таваккал қилиб боришганида, унинг хотини бир аёл билан ўзаро суҳбатлашиб қолганини айтиб берди. Маълум бўлишича бу аёл ўзига ва болаларига 40 минг рублдан билет сотиб олиб, Ўзбекистонга учаётганини Шуҳратнинг хотинига маълум қилган.
Бизнинг мақоламиз остидаги шарҳларда ҳамда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси сайти саҳифасида одамлар элчихона томонидан ташкил этилган навбатни айланиб ўтиб, чипта сотиб олаётганлари ҳақида ёзувлар қолдиришмоқда. Масалан, Lenura Maksud исмли фойдаланувчининг билдиришича (муаллифнинг орфографияси ва пунктуацияси қолдирилган): “Негадир менинг қайнонамни, пенсионер аёлни эътибордан ташқарида қолдирдингиз. Ваҳоланки, у биринчи навбатга ёзилганида 600-чи эди!!!!! Аммо доим ёзса, сизлар жавоб бермаяпсиз, рейслар тўғрисидаги фото ҳисоботларида нуқул ёш йигитларнинг учаётгани, улар орасида на қариялар ва на ҳомиладорларни кўраман. Лекин баъзи бу одамларнинг чиптларини сотиб олаётганидан хабардорман... қайнонамга эса бекор қилинган рейсга билетларни тутқазиб қўйишган экан”.
Воситачилар
Сардорнинг (исми ўзгартирилган) икки нафар ишсиз қолган дўстлари Ўзбекистонга май ойининг охирида учиб кетишди. Иккови ҳам ўттизга кирган, ёш, бақувват, талаба ҳам эмас, касал ҳам. Иккови ҳам ноилож аҳволда қолдилар – иш берувчилари иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариб юборибди, шунинг учун ҳам уйларига қайтишга қарор қилдилар.
— Улар ҳам электрон навбатга ёзилиб қўйдилар, унда мингдан зиёд одам бор экан. Бир ярим ой кутишди, бироқ ҳеч ким улар билан боғланмади. Дўстларимдан бирининг Ўзбекистонга жўнатмалар юбориш билан шуғулланувчи таниши бор экан, уларга фурада ҳайдовчининг ёрдамчиси сифатида кетишни таклиф қилди. Бироқ бу ишда нимадир қовушмай қолди ва йигитларга 22 минг рублдан билет сотиб олиш ва воситачининг хизмати учун 3 ёки 5 минг сўм ҳақ беришни таклиф қилдилар (таниш қанчалик яқин бўлса, хизмат ҳақи ҳам шунчалик арзон). Уларга бу таклиф маъқул келиб, иккови ҳам жўнаб кетди – бири май ойининг ўртларида, иккинчиси эса – охирида, — дейди Сардор.
Сардорга ҳам билет сотиб олишни таклиф этдилар, аммо уни Россиядаги доимий иши ушлаб турибди.
— Уч ҳафта олдин “Фуд сити”га боргандим (Москвадаги улгурчи-чакана озиқ-овқат маркази. “Фарғона” изоҳи) ва у ердагилар ҳар бир рейсга 30 минг рублдан ўнтагача билет сотиб олиш мумкинлигини айтишди. 25 минг билетга ва 5 минг – воситачига.
“Фарғона” ҳаракат қилиб, Сардорнинг ватанига қайтган ва Тошкентдаги карантиндан чиққан дўстларидан бири билан у боғлана олди. Йигит “кетишни астойдил истаганлар бу ишни эплаётганини тасдиқлади”. Май ойининг охирида бунинг учун 25 минг рубль тўлаш керак бўлган. Йигит, шунингдек, самолёт салонида унинг ёнида бўш ўринлар ҳам борлигини эслади: “Афтидан, чайқовчилар чипталарини сота олмаганга ўхшайди”, — деди у.
Ташқи ишлар вазирлиги ёрдами билан
Москвада Ўзбекистон фуқароси Муҳайё Саттаровадан битта чипта учун 800 доллар талаб қилишди. Бунгача у бир неча ой давомида Россиядан кела олмай юрганди. Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси Муҳайё учун ёрдам сўраб ТИВ ходимлари билан боғланганидан сўнг ишга Ташқи ишлар вазирлиги аралашди ва шундан кейин у ватанига қайта олди.
Қизнинг онаси “Фарғона” нашрига айтиб беришича, қизи элчихона ташкил қилган электрон навбатга ёзилиб қўйди, бироқ уйга қачон учишини билиш учун дипломатик миссия билан телефон орқали боғланишнинг иложини қила олмади.
Шунда қиз тўғридан-тўғри кассага борди ва кассир унга аввалига чипта учун 400 АҚШ доллари миқдорида пул тўлашни таклиф қилди, бироқ кейин нархни 800 долларга кўтарди. Айтишича, гўёки чипта нархи кўтарилиб кетган экан.
— Қизим менга қўнғироқ қилиб йиғлади. Шунда ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаевага ёрдам сўраб мурожаат қилдим. У Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди, у ердагилар ҳам ўз навбатида элчихонага чиқишди. Элчихона ходимлари 6 июнь куни қизимга қўнғироқ қилдилар, 7-куни у 22 минг рублга билет олиб, 8 июнь куни ватанига қайтди, — дейди она.
Биз гўё билет сотиб олишга келишиб олмоқчи бўлаётган одамлар каби кассирга қўнғироқ қилдик. Кассир билетни чиндан ҳам сотиб олса бўлишини тасдиқлади, бироқ бунинг учун мурожаат қилган одам жиддий касалликларга чалинганини тасдиқловчи справкаларга эга бўлиш кераклиини маълум қилди. Шу билан бирга, кассир белгиланган рейсда учиб кетишингизга 100 фоиз кафолат бера олмаслиги тўғрисида огоҳлантирди.
— Бизнинг элчихона билан алоқаларимиз бор ва узил-кесил қарор турли вазиятлар ва одамларнинг кайфиятига боғлиқ бўлади, — дея гапни айлантира бошлади кассир.
Шу билан бирга у чипталарни 1 июлдан кейин сотиб олишимизни қайта-қайта тавсия қилди. Ҳозир бундай билетлар сотувда бор ва баъзи мигрантлар бир йўла бешта-олтитадан олишяпти. Кассирга кўра, июлда училса, анча пул ва вақтни тежаш мумкин, чунки ўша пайтга келиб Ўзбекистон карантинни бекор қилиши мумкин ва ўшанда икки ҳафта давомида обсервацияда ётишга тўғри келмайди.
Ижтимоий тармоқлардаги миграция муаммолари муҳокама қилинаётган гуруҳларда ҳам июль ойига билетларни сотиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди.
“Ҳозир март ойида навбатга ёзилганлар учиб кетади”
“Фарғона” шарҳ сўраб Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилди. Биз барча мавжуд рўйхатларни айланиб ўтиб, Uzbekistan Airways чартер рейсларига чипта олиш мумкинлигидан хабарингиз борми деб сўрадик. Элчихона жавоб бергани миллий авиаташувчи билан маслаҳатлашиб олиш учун танаффус олди.
“Мумкин, — дея пировардида жавоб беришди, — бу миллий авиаташувчининг рейсларига бронь бўлишлиги билан боғлиқ. Масалан, пандемия туфайли чегаралар ёпилгунча Uzbekistan Airways Москвага Ўзбекистон Республикасининг барча вилоят марказларидан кунига еттитадан рейс бажарарди. Шу билан бирга, биргина Тошкентнинг ўзидан бир кунда учта рейс бор эди. Авиачипталар бир йил олдин ҳам сотилар эди. Шу муносабат билан авиакомпания йўловчилар олдида ўзининг шартнома мажбуриятлари бор”.
Элчихона ходимларининг Uzbekistan Airways компанияси билан маслаҳатлашуви таҳририятимиз олган қуйидагича жавобга олиб келди: “Юзага келган форс-мажор ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда бекор қилинган рейслардан йўловчиларга қайтаришга қаратилган катта пул маблағлари миқдорини камайтириш мақсадида Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси қўлларида Uzbekistan Airways чипталари бор бўлган йўловчиларни чартер рейслар орқали ташиб, ўзининг шартномавий мажбуриятларини қисман бажармоқда (ҳар рейсга 25-30 ўрин). Шу билан бирга, авиачипталарни чартер рейсларга қайта расмийлаштирилаётганда, йўловчилар томонидан қўшимча тўловлар ундирилмаяпти”.
Бироқ аэропортда чипталар сотилаётгани қайд этилган фотосуратлар ҳамда бақувват ёш йигитларнинг регистрациядан ўтиш учун Внуково аэропортида навбатда турганлари акс этган фотосуратлар элчихона ходимларини ажаблантиргани йўқ. “Баъзида шунақа бўлиб туради, одамлар аэропортларда билетларни сотиб олишади, — дея тушунтира бошладилар бизга. –агар бирор одам билетни сотиб олиб, қандайдир сабабларга кўра рейсга келмаган бўлса, шундай ҳолат содир бўлиши мумкин. Бизда шу каби ҳолат бўлган, бир аёл учадиган кундан олдин кечаси туғиб қўйган (элчихонадагилар ҳомиладорликнинг сўнгги муддатидаги аёллар рейсга олинмайди, бу авикомпания қоидалари билан тақиқлаб қўйилган, дея бизни ишонтиришганди. Бироқ бу ерда, уларга кўра, гап муддатидан олдин тутган тўлғоқ ҳақида кетмоқда. “Фарғона” изоҳи). Энди ташқи кўринишидан соғлом ва бақувватга ўхшаб турган одамларнинг навбатда турганига келсак, одам ташқи кўринишидан соғ бўлиб кўринсада, унинг ички органлари қаттиқ касал бўлиши мумкинлигини ҳам тушуниб қўйишимиз керак”.
Элчихона ходимлари июнь ойидан бошлаб электрон навбатдаги критик ҳолатда бўлмаган одамларни йўловчилар рўйхатига қўша бошлаганларини тасдиқладилар. “Критик ҳолатдаги номзодларимизнинг сони камайиб бормоқда, шунинг учун электрон навбатга олдинроқ рўйхатга ёзилиб қўйган одамларни киритяпмиз. Ҳозир март ойида ёзилиб қўйилганлар учадилар”.
Элчихона ходимларига кўра, билет нархининг кўтарилиши авиакомпаниянинг қарори эди, чунки Тошкентдан Москвага йўловчиларни олиб кела олмаганлари боис йўловчиларни паст нархларда ташишдан манфаатдор эмас. 1 июлдан бошлаб авиачипталарни сотиш тўғрисидаги эълон ҳақида гапириладиган бўлса, бу осмон очилишини кутаётган ҳамма авиакомпаниялар қўллаб келадиган амалиёт саналади. “Чегаралар очилган куннинг ўзида авиачипталарни сотишдан маъно йўқ, самолётларни тўлдира олмаслик мумкин. Агар чегаралар 1 июлдан очилмаса, унда билетлар қайтадан бронь қилинади”.
Екатерина Ивашченко
-
16 Ноябрь16.11Қатар олисда қолаверадиМарказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида
-
16 Сентябрь16.09ФотоШҲТ. ТашрифларШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар
-
14 Июль14.07Савдо, маданият, хавфсизликТошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар
-
31 Июль31.07«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
-
25 Июнь25.06Ўзбекистоннинг илк ташрифиТошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди
-
30 Май30.05Карантиндаги бўш ўринларга навбатЎзбекистон элчихонаси ватанга биринчи навбатда кимларни жўнатиш борасида нималарга асосланиб қарор қабул қилаётгани ҳақида