Самара ва Оренбург областларида ушланиб қолган ўзбекистонликлар поездда олиб келинади

Оренбург областида ушланиб қолган мингрантлар учун палатали лагерь. 56orb.ru сайти видеотасвиридин лавҳа

Россиянинг Самара ва Оренбург областларидаги рус-қозоқ чегарасида йиғилиб қолган ўзбекистонликлар поезд билан ватанга олиб келинади. Бу ҳақда Kun.uz нашри Ўзбекистон Давлат хавқсизлик қўмитасининг чегара қўмитасига таяниб хабар беради.

Ўзбекистон фуқароларини Қозоғистон орқали темир йўл билан олиб кетиш масаласи ҳал этилган, Россиянинг ҳам «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига рухсат бериши кутилмоқда.

13 ва 14 июль куни ўзбек томони Россияга учта поезд составини юборади. 15 июль куни Самарадан иккита поезд, 16 июлда Оренбургдан битта поезд йўлга тушади. Самарадан кетадиган йўловчининг поезд чиптаси 10,1 минг рубль ($144) туради. Оренбургдан Ўзбекистонга кетмоқчи бўлган йўловчилар чипта учун 8,5 минг рубль ($121) тўлайдилар. Барча поездларда Ўзбекистон Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлигининг ходимлари ҳамроҳлик қиладилар.

Ҳар бир рейс билан 700 тадан одамни олиб кетиш режалаштирилган. Уларнинг барчаси Ўзбекистонга келганидан сўнг карантинга олинади. 1200 га яқин фуқаро Наманганда, 900 та одам Тошкент вилоятидаги «Ўртасарой» карантин лагерига жойлаштирилади.

Ўзбекистонликларни темир йўл билан олиб кетиш ташкиллаштирилганига сабаб, кўпчилик мигрантлар «Ўзбек ҳаво йўллари» компаниясининг чартер самолётларига $500-700 ҳисобига чипта сотиб ололмасликларини билдирганлар. 88 мингта ўзбекистонлик уйга қайтиш истагини билдирган, улардан 5,5 мингтаси иқтисодий қийин аҳволда эканини айтади. Ҳозирда Самара областининг Большая Черниговка қишлоғида таҳминан 1700 та мигрант бор, яна 700 нафар ўзбекистонлик Оренбургнинг Бузулук районида тўпланиб қолган. «Медуза» репортажига кўра, ўзбекистонликлар қўлбола лагерларда, антисанитария шароитида яшамоқдалар. Уларга маҳаллий ҳукумат, аҳоли ва узоққа юк ташийдиган ҳайдовчилар кўмак бермоқдалар.

Рус-қозоқ чегарасида ўзбекистонликларнинг йиғилиб қолиши биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Май ойида 1200 нафар ўзбекистонлик махсус автобусларда ватанга олиб кетилгани ҳақида хабар берилганди. Ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари одамларни ёппасига олиб кетиш бир марта ташкил этилгани ва бу ишлар такрорланмасини маълум қилгандилар. Дипломатлар РФда ишлаётган ўзбекистонликлардан мустақил равишда Қозоғистоннинг ёпиқ чегарасида йиғилмасликни, чартер рейслари билан ватанга қайтишларини сўрагандилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ