Озарбайжон Арманистон чегарасида учта ҳарбий хизматчисининг ҳалок бўлганини маълум қилди

Озаржайжон ҳарбий хизматчилари. Mod.gov.az сайти фотосурати

Арманистон Қуролли кучларининг зарбини қайтариш чоғида учта озарбайжон ҳарбийси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги сайтида хабар берилган.

Баёнотга кўра, 12 июль куни Арманистон Қуролли кучлари озарбайжон-арман чеграсига яқин жойлашган Товуз аҳоли пунктига қараб замбараклардан ўқ узади. Жанговор тўқнашув пайтида Озарбайжон армияси аскарларидан иккитаси ҳалоқ бўлган, бештаси яраланган, биттаси олинган жароҳатлардан ҳарбий госпиталда оламдан ўтган.

Ўз навбатида Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон томонидан артиллерия ўқлари учиб келганини маълум қилади. Жавобан ўққа тутилган озарбайжон ҳарбийлари чекинган. Арманистон Қуролли кучлари ҳарбийлари талофат кўрмаган.

Июнь ойи охирида икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари ЕХҲТнинг Минск гуруҳи иштирокида видеоконференцияда иштирок этишган ва унда Тоғли Қорабоғ масаласи муҳокама қилинган. Июль ойида ҳам видеоконференция форматида галдаги учрашув режалаштирилган. Шу билан бирга июль бошида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев видеоконференцияларнинг аҳамиятсиз экани, музокалар жараёни юришмаётгани айтиб, ЕХҲТ Минск гуруҳини Қорабоғ масалани ҳал қилишда «хўжакўрсинлик» қилаётганликда айблаган.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Қорабоғ мақомига оид жанжал 1988 йили февралда бошланган. Тоғли Қорабоғнинг арман аҳолиси автономия ҳуқуқини қўллаб Озарбайжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилади. 1994 йилги ҳарбий тўқнашувлардан кейин Озарбайжон мазкур ўлка ва унга ёндош еттита туман устидан назоратини йўқотган. 1992 йили Россия, АҚШ ва Франция раислигида ЕХҲТнинг Минск гуруҳи мазкур жанжални тинчлик йўли билан ҳал этишга уринади. 1994 йили томонлар ўқ отишни тўхтатиш келишувини имзолайдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Исломнинг муқаддас шаҳарларига зиёратлар нега чеклангани ёки бекор қилинганлари ҳақида

  • АҚШда полиция зулмига қарши бошланган кураш обидаларни вайрон қилиш урушига айланиб кетди. Ғазабланган одамлар Колумб ва Черчиллга кўп нарсаларни «эслатиб» қўйдилар

  • Тожик ва ўзбек журналистлари Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги истиқболларига доир фильмни суратга олдилар

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган