Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ультиматум қўйди

Дональд Трамп . Flickr сайтидан Gage Skidmore фотосурати

АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан (ЖССТ) коронавирус билан боғлиқ камчиликларни дарҳол бартараф этишни талаб қилди. Акс ҳолда Қўшма Штатларининг ташкилотни молиялаштиришга чек қўйиш қарори доимийлик тусини олади. Бу борада президентнинг ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейсиусга йўналтирилган мактуби унинг Твиттерида эълон қилинган.

«ЖССТ ўзининг Хитойдан мустақил эканини кўрсатиши лозим, – дейди Трамп. – Агар ташкилот бир ой ичида салмоқли ўзгаришларни кўрсата олмаса, АҚШнинг ЖССТни молиялаштиришдан бош тортиш қарори доимийлик тусини олади ва мамлакатнинг ушбу ташкилотга аъзолиги қайта кўрилади. Америкалик солиқ тўловчилар уларнинг манфаатларини акс эттирмаган ташкилотга молиявий кўмак бермайдилар».

Президент ташкилотни ўтган йил охирида вируснинг Хитойда тарқала бошланишининг дастлабки босқичида будун дунёни ушбу хавфдан огоҳ этмаганликда айблайди. Гўёки бу ишлар ХХР босими туфайли амалга ошмаган.

Шунингдек, Трамп ЖССТни вируснинг келиш чиқишига доир халқаро текширувлар олиб борилишини қўллаб-қувватламаганликда айблайди.

Telegraph хабар беришича, Оқ уйда чиқиш қиларкан, президент ташкилотнинг «Хитой қўлидаги қўғирчоқ» экани ва «арзимас маслаҳатлар» беришини таъкидлади.

Бундан олдин АҚШ вакиллари вирус Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораториядан ташқарига чиқиб кетганлиги тўғрисидаги фаразни илгари суриб, Хитой ҳукуматини бошидан инфекция тарқалишига доир маълумотларни сир тутганликда айблагандилар (Трамп таҳминига кўра, бундай ишлар ЖССТ қўмагида содир бўлган). Вируснинг «лабораториядан ташқарига чиқиб кетганлиги» версияси дастлаб норасмий янграган бўлсада, кейинчалик у халқаро миқёсда қўллаб-қувватланмоқда. 18 майга келиб дунёнинг юздан ортиқ давлати вирус тарқалишига доир халқаро текширув ўтказиш қарорини маъқулламоқда.

ЖССТ ўз навбатида бундай текширувни «вақти келганда» ўтказишга тайёр эканини билдирган. Бундай позиция Хитойнинг «текширувлар пандемиядан сўнг қулай вақтда ўтказилиши» лозимлигига доир мурожаатига ҳамоҳанг келади.

АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштиришда энг катта улуш қўшадиган мамлакат ҳисобланади. 2018–2019 йиллари ҳукумат ташкилот учун $900 млн миқдорида маблағ ажратишни режалаган, ундан $273 млн аъзолик бадали бўлса, қолган маблағ ихтиёрий ҳайрия ҳисобланади. Ташкилотни молиялаштиришда иккинчи ўринда Билл ва Мелинда Гейтс (айтилган даврда $530 млн) жамғармаси, тучинчи ўринда – Буюк Британия ($435 млн аъзолик бадали ва ҳайрия пуллари) туради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ